2026 йил январ–август ойларида Ўзбекистонга умумий қиймати 1,1 млрд долларлик 79 минг 46 та енгил автомобил импорт қилинди. Бу ҳақда Kun.uz ўрганган Божхона қўмитаси маълумотларида келтириб ўтилган.

Ҳисобот даврида мамлакатда 246,9 млн доллар қийматдаги 13 минг 70 та бензинда юрадиган машина олиб кирилган. Бу йил олдингига нисбатан 481 донага ёки 3,5 фоизга камроқ. Ички ёнув двигателли битта автомобилнинг ўртача нархи 7,2 фоизга пасайиб, 20 минг 362 доллардан 18 минг 891 минг долларга арзонлашган.

Гибрид автомобиллар импорти қарийб 5 бараварга — 2261 тадан 11130 тагача кўпайди. Умумий харид қиймати ҳам 55 млн доллардан 240 млн долларгача ошди. Бунда битта автомобилнинг ўртача нархи 11,4 фоизга пасайиб, 24 минг 354 доллардан 21 минг 563 минг долларга тушган.

Январ–август ойларида Ўзбекистонга хориждан 614 миллион долларлик 54 минг 826 дона электромобил олиб кирилди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан миқдор жиҳатдан 14 минг 519 донага, қиймат жиҳатдан 142,1 млн долларга кўп. Битта электромобилнинг ўртача нархи 9,5 фоизга пасайиб, 11 минг 718 доллардан 11 минг 207 долларга арзонлашган.

Ойлар кесимида электромобиллар импорти қуйидагича ўзгарган:

  • январ — 4548 дона;
  • феврал — 5152 дона;
  • март — 6 662 дона;
  • апрел — 6 716 дона;
  • май — 6 952 дона;
  • июн — 7 845 дона;
  • июл — 8 875 дона;
  • август — 8 076 дона.

Шунингдек, ҳисобот даврида 1,5 млн долларлик 20 дона дизелли машина импорт қилинган.

2026 йилнинг 8 ойида енгил автомобиллар кесимида умумий импортнинг 69,4 фоизини электромобиллар, 16,5 фоизини бензинли автомобиллар, 14,1 фоизини эса гибридлар ташкил қилган.

Нега электромобилларга талаб ошиб боряпти?

Бунда энг асосий сабаб харажатлар билан боғлиқ. Анъанавий ёқилғи бозорида тизимли хатарлар ва нарх шоклари кузатиляпти. Метан нархларининг ошиб бораётгани ва совуқ кунларда юзага келадиган узун навбатлар, пропан ва бензин нархларининг кескин ўсиши фонида айрим истеъмолчилар электромобил ёки гибрид машина харид қилишни афзал кўряпти.