08:49 / 11.10.2022
5868

Тўлов тизими операторини назорат қилиш тартиби эълон қилинди

“Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотларини назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Низом Марказий банк томонидан берилган лицензияга эга бўлган тўлов тизими оператори ва/ёки тўлов ташкилотларига нисбатан қўлланилади. Назорат мақсади тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти фаолиятининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонунга ва ушбу қонунга асосан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлигини текширишдан иборат.

Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотлари фаолиятини назорат қилишда Марказий банк:

  • тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотлари фаолиятини бир йилда кўпи билан бир марта инспекциядан ўтказиши, банк ҳисобварақлари, реестрлар, ҳужжатларни текшириш, улардан ахборот ва маълумотлар, шу жумладан шахсий маълумотларни ўз ичига олган маълумотларни олиш, Марказий банк ваколати доирасидаги бошқа ҳаракатларни амалга ошириш;
  • муҳим тўлов тизими фаолиятида узилишлар рўй берганда навбатдан ташқари текширувларни амалга ошириш;
  • тўлов ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган тўлов хизматлари ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилади;
  • “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолларда тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотларига нисбатан чора ва санкцияларни қўллайди.

Марказий банк назоратни билвосита (масофавий) ва бевосита (жойида) амалга оширади. Марказий банк маълумотларни шу жумладан, шахсий маълумотларни тўплаш, тўлов тизимлари фаолияти тўғрисидаги ҳисобот ва ахборотлар ҳамда бошқа ҳужжатларни таҳлил қилиш орқали тўлов тизими оператори фаолиятини баҳолайди.

Тўлов тизими оператори Марказий банкка 1 (бир) йилда бир марта ташқи аудит ҳисоботи олинган кундан эътиборан 15 (ўн беш) кун ичида молиявий ҳисоботлар ва ташқи аудитор ҳисоботи махсус иловасини тақдим этиши керак.

Тўлов тизими оператори PCI DSS халқаро стандарт талабларига мувофиқ малакали халқаро баҳоловчилар баҳолаш натижаларини мунтазам равишда Марказий банкка тақдим этиши керак.

Муҳим тўлов тизимлари фаолиятини мониторинг қилиш орқали Марказий банк: тўлов тизимларини назорат қилиш сиёсати асосида муҳим тўлов тизимлари халқаро стандартларга ва Марказий банк талабларига мувофиқлиги юзасидан баҳолашни ўтказади; тўлов тизимларини назорат қилиш сиёсатига киритилган молия бозори инфратузилмалари учун тамойиллари асосида муҳим тўлов тизими операторлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади.

Марказий банк тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотлари томонидан тақдим этилган тўлов хизматлари бўйича ҳисоботларни тақдим этиш шакллари, усуллари ва муддатларини, ҳисоботларни тузиш услубиётини белгилайди. Тўлов тизими оператори даврий ва навбатдан ташқари ҳисоботлар орқали тўлов тизими фаолиятига доир маълумотларни Марказий банкка тақдим этади.

Top