Испания Ички ишлар вазирлиги маълум қилишича, 8 августдан эътиборан Италиядан келадиган йўловчилар портлар ва аэропортларда паспорт, фуқаролик ҳамда виза бўйича қўшимча текширувдан ўтказилади. Вақтинчалик назорат чоралари камида 7 сентябргача сақланиб туради.

Расмий Мадрид бу қарорни Италия ноқонуний мигрантлар босимига дуч келаётгани ва хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни инобатга олган ҳолда қабул қилганини маълум қилди.

Бу чоралар Италия ўтган ҳафта Сеута шаҳрида юз берган оммавий мигрантлар оқимидан кейин Испаниядан келувчи учинчи мамлакат фуқароларига нисбатан Шенген келишуви қоидаларини вақтинча чеклаганидан сўнг қабул қилинди.

Бундан аввал Испания расмийлари Римни 9 августга қадар ушбу чекловларни бекор қилишга чақириб, акс ҳолда Италиядан келувчилар учун ҳам шунга ўхшаш назорат чоралари жорий этилишидан огоҳлантирган эди.

Италия ҳукумати эса Мадриднинг «ултиматумлари»ни қабул қилмаслигини билдириб, Испания орқали келувчи учинчи мамлакат фуқароларига нисбатан жорий этилган чекловлар камида 15 августгача сақланишини маълум қилди.

Италия бош вазири Жоржа Мелони маъмуриятининг таъкидлашича, Испания расмийлари 15 август куни Сеутага мигрантларнинг янги оммавий оқими бўлиши мумкинлиги ҳақида олдиндан огоҳлантирган. Шу сабабли Рим янги хавф йўқлигига ишонч ҳосил қилмагунча чекловларни бекор қилмаслигини билдирган.

Испания Фуқаролик гвардияси ҳам ижтимоий тармоқларда 15 август куни Сеута чегарасини яна оммавий равишда кесиб ўтишга чақирувлар тарқалаётганини тасдиқлади. Бироқ бу ҳаракатда қанча одам иштирок этиши ҳозирча номаълум.

Reuters агентлигининг қайд этишича, ҳозирги можаро Европа Иттифоқи мавжуд бўлган даврда Испания ва Италия ўртасидаги энг совуқ дипломатик муносабатлардан бирига айланган. Сўнгги ойларда икки мамлакат раҳбарлари АҚШ президенти Доналд Трамп билан ҳам ташқи сиёсат масалаларида бир неча бор баҳслашган.

Ўтган ҳафта Марокашдан ўн минглаб мигрантлар Испаниянинг Шимолий Африкадаги Сеута анклавига денгиз ва қуруқлик орқали ноқонуний равишда кириб келган эди. Шаҳар аҳолиси тахминан 85 минг нафарни ташкил этади. Мигрантлар денгиз орқали автомобил шиналари, ҳаво тўлдириладиган ҳалқалар ва бошқа қўлбола воситалар ёрдамида ўтишга уринган.

Испания Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, келганларнинг асосий қисмини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этган. Чегарани бузиб ўтишга уринишлар вақтида қарийб 100 киши ҳалок бўлган.

Шундан сўнг Мадрид 2021 йилдан бери биринчи марта Сеутага қўшимча ҳарбий кучларни юборди. Шунингдек, денгиз орқали ноқонуний ўтишларни чеклаш мақсадида 500 метр узунликдаги сузувчи тўсиқ ҳам ўрнатила бошланди. Чегара бўйлаб занжирли қалқувчи буйлар жойлаштирилиб, улар орасидаги махсус йўлак орқали чегара хизмати катерлари ҳудудни сутка давомида назорат қилиши режалаштирилган.