Марказ директори Шоазим Миноваровнинг маълум қилишича, бугунги кунда 70 фоиз қурилиш жараёнлари ниҳоясига етган. Қурилиш жараёнларини 2023 йил охиригача битириш ҳамда 2024 йилнинг 2-чорагидан зиёратчиларни қабул қилиш режалаштирилган.

Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази 7 гектар майдонни эгаллайди. Уч қаватдан иборат бинонинг узунлиги 161 метр, эни эса 118 метр, марказий гумбаз баландлиги 67 метрни ташкил этади. Бинонинг жами фойдаланиш ҳудуди 4 гектардан ошади.
Кўп тармоқли илмий-маърифий маскан бўлиши кутилаётган марказда Ислом цивилизацияси тарихи музейи, кутубхона, қадимий ёзма манбалар ва тарихий ашёларни реставрация қилиш лабораториялари, қўлёзмалар ва архив ҳужжатлари фондлари, анжуманлар зали ҳамда илмий-тадқиқот бўлимлари бўлади.

Марказнинг асосий атрибутларидан бири – Ислом цивилизацияси тарихи музейи Франция компаниялари билан ҳамкорликда режалаштирилган бўлиб, замонавий технологиялар асосида намойиш этиладиган, ислом оламининг бебаҳо меросига оид турли ноёб экспонатларни ўз ичига олади.

«Бинони қуриб қўйиш битта иш бўлса, уни тўлдириб, давлат раҳбари ўйлаганидек бутун тарихимизни битта жойга тўплаш анча вақт олади. Музейга киришдаги фойеда 2,80х7 метр ҳажмдаги 12 та равоқ бор. У ерда алломалар фаолияти тошлар ёрдамида миниатюралаштирилади.
Фойеда гумбаз остидаги жуда катта зал – Қуръон зали бор. Залнинг ўртасидан Усмон Мусҳафи жой олади. Президентимиз бошидан айтганки, «Ўртада Қуръон бўлади, чунки ҳамма нарса Қуръондан бошланган». Унинг атрофида ўзимизда бошқа нодир мусҳафлар, қадимий Қуръон китоблари жойлашади. У ерда қўлёзмаларнинг тарихи ҳақида маълумотлар бўлади», – дейди Шоазим Миноваров.


















