Саида Мирзиёеванинг маълум қилишича, музейнинг меъморий концепцияси жаҳоннинг машҳур архитекторларидан бири, нуфузли Притзкер мукофоти соҳиби Тадао Андо томонидан ишлаб чиқилган.
Унинг лойиҳалари асосида бунёд этилган музей ва маданий масканлар Япония, Европа ҳамда АҚШда юксак қадрланади. Тадао Андо меъморий услубдаги соддалик ва аниқлик, шунингдек, макон ва ёруғлик уйғунлигига ўзига хос ёндашуви билан дунёга танилган.

Саида Мирзиёева янги Миллий музей Марказий Осиёдаги энг йирик маданий лойиҳалардан бирига айланишини таъкидлади. Мажмуада кўргазма заллари, кутубхона, реставрация лабораториялари ва таълим майдонлари жойлаштирилади.
У, айниқса, Ўзбекистон учун тарихий аҳамиятга эга бундай лойиҳалар устида жаҳон миқёсидаги меъморлар ишлаётгани муҳимлигини қайд этди.

«Улар барпо этган объектлар узоқ йиллар давомида халқимизга хизмат қилади, тарихимиз ва маданий меросимизнинг ажралмас қисмига айланади», — деди Саида Мирзиёева.















