10:22 / 12.10.2022
39526

ХВЖ 2023 йил учун глобал иқтисодий ўсиш прогнозини пасайтирди

Инфляция, шунингдек, Украинадаги уруш ва COVID-19 пандемияси оқибатлари келгуси йилда глобал ялпи ички маҳсулотнинг ривожланишига асосий таъсир кўрсатади. ХВЖ маълумотларига кўра, Германияни рецессия кутмоқда.

Фото: Getty Images

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) 11 октябр, сешанба куни 2023 йилда глобал иқтисодий ўсиш прогнозини 2,7 фоизгача пасайтирди. Таққослаш учун: июль ойида ташкилот экспертлари жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 2,9 фоизга ўсишини ҳисоблашган. Еврозонада бу кўрсаткич атиги 0,5 фоизни ташкил қилади, бу ҳақда «Жаҳон иқтисодиёти ривожи истиқболлари» (World Economic Outlook) деб номланган жорий ҳисоботда айтилган.

«Қисқаси, энг ёмони ҳали олдинда ва одамлар учун 2023 йил турғунлик сифатида қабул қилинади», деб таъкидлайди ХВЖ тадқиқот департаменти директори Пьер-Оливье Гуринш ҳужжатнинг кириш қисмида. «Бўронли булутлар йиғилаётганда, сиёсий қарорлар қабул қиладиганлар ўзини хотиржам тутиши керак», деб тавсия қилган у.

Шу билан бирга, ХВЖ жорий прогнознинг ишончсизлигига эътибор қаратади: сабаби, жаҳон иқтисодиётининг келажаги марказий банклар пул-кредит сиёсатига, Украинадаги урушнинг боришига ва Хитой учун COVID-19'нинг кейинги оқибатларига жуда боғлиқ. 

Германия иқтисодиёти, ХВЖ маълумотларига кўра, 2022 йилда 1,5 фоизга ўсади ва 2023 йилда 0,3 фоизни йўқотади. Шундай қилиб, 2022 йил июль ойидаги ҳисобот билан таққослаганда, ташкилот Германия иқтисодиёти учун ўсиш кутилмаларини 1,1 фоиз пунктга пасайтирди.

ХВЖ экспертлари нуқтайи назаридан Италияни келгуси йил турғунлик кутмоқда. Унинг ялпи ички маҳсулоти 0,2 фоизга қисқаради, дейилади World Economic Outlook ҳужжатида.

Россияда иқтисодиёт ҳажми 2022 йилда 3,4 фоизга, 2023 йилда эса 2,3 фоизга қисқаради. Бу июль ойига қараганда анча оптимистик прогноз. Ўшанда ХВЖ Россия ялпи ички маҳсулоти жорий йилда 6 фоизга, келаси йили эса 3,5 фоизга қисқаришини тахмин қилган эди.

Беларус иқтисодиёти 2022 йилда 7 фоизга пасаяди, бироқ таҳлилчилар прогнозига кўра, бир йилдан кейин у бироз ўсади - 0,2 фоизга. Шу билан бирга, жорий йилда Украина ялпи ички маҳсулоти 35 фоизга қисқаради, дейилади ҳисоботда. ХВЖ иқтисодчилари Украина иқтисодининг 2023 йил учун прогнозини бермаяпти, бу «ноаниқликнинг юқори даражаси» билан изоҳланмоқда.

Айни пайтда, ХВЖ прогнозига кўра, дунёдаги энг йирик АҚШ иқтисодиёти 2022 йилда 1,6 фоизга, 2023 йилда эса 1 фоизга ўсади.

ХВЖ ҳисоб-китобларига кўра, инфляция 2022 йилнинг учинчи чорагида 9,5 фоизни ташкил этади, аммо 2024 йилга бориб истеъмол нархлари ўсиши 4,1 фоизгача пасаяди.

Top