Visual Capitalist Жаҳон саёҳат ва туризм кенгаши — WTTC маълумотлари асосида 2025 йилдаги энг йирик 25 та туризм иқтисодиётини таққослаган.

Баҳолашда меҳмонхоналар, ресторанлар ва транспорт компаниялари фаолиятидан ташқари, уларга товар ва хизмат етказиб берувчилар ҳамда соҳа ходимларининг харажатлари орқали юзага келадиган иқтисодий таъсир ҳам ҳисобга олинган. Шунинг учун бу рўйхат энг кўп хорижий сайёҳ қабул қилган давлатлар рейтинги билан бир хил эмас.

Биринчи учлик қуйидагича:

  1. АҚШ — 2,63 триллион доллар;

  2. Хитой — 1,75 триллион доллар;

  3. Германия — 566 миллиард доллар.

АҚШнинг кўрсаткичи Хитойникидан қарийб 50 фоиз юқори. Икки давлат ўртасидаги фарқ 880 миллиард долларга етган. Бу қолган ҳар қандай алоҳида мамлакатда туризмнинг иқтисодиётга қўшган ҳиссасидан ҳам катта.

Германия Европа етакчисига айланиб, Франция ва Испания каби машҳур сайёҳлик йўналишларини ортда қолдирган. Бунда мамлакат ички бозорининг катталиги муҳим аҳамият касб этган.

2025 йилда Германияда қайд этилган тунаб қолишларнинг қарийб 83 фоизи мамлакат аҳолиси ҳиссасига тўғри келган. Хорижий меҳмонларнинг тунаб қолишлари камайганига қарамай, ички талаб ҳисобига жойлаштириш муассасаларида йиллик рекорд натижа кузатилган.

Япония эса 2025 йилда рекорд даражада — 42,7 миллион хорижий сайёҳни қабул қилган. Бу 2024 йилдагидан 15,8 фоиз кўп. Сакура гуллаши ва қишки спорт турлари каби мавсумий йўналишлар билан бирга, Осакада ўтказилган Expo жаҳон кўргазмаси ҳам сафарларга қўшимча туртки берган.

Хитойнинг туризм иқтисодиёти 2025 йилда 9,9 фоизга ўсган. Бу ўртача жаҳон ўсиш суръатидан икки баравардан ҳам юқори. Хорижий сайёҳлар сони 15,5 фоизга кўпайиб, 68 миллиондан ошган, уларнинг харажатлари эса пандемиядан олдинги даражадан юқорилаган.

Мамлакатга кириш тартибларининг енгиллаштирилиши ҳам сайёҳларни жалб қилишга ёрдам бермоқда. Хитой визасиз кириш мумкин бўлган давлатлар рўйхатини кенгайтириб, транзит йўловчилар учун рухсат этилган қолиш муддатларини узайтирган. Чегарадан ўтиш жараёнлари ва рақамли тўлов хизматларининг қулайлашиши ҳам саёҳатларни осонлаштирмоқда.