Жаҳон | 14:42 / 13.10.2022
11707
2 дақиқада ўқилади

Германия Европа ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими янги лойиҳасини ишга туширди

European Sky Shield лойиҳаси Европани баллистик, қанотли ракеталар ва дронлардан ишончлироқ ҳимоя қилишга мўлжалланган. Дастур Украина ракеталар томонидан кучли бомбардимон қилингани фонида амалга оширилмоқда.

Фото: Timm Ziegenthaler

Германия ва НАТОнинг яна 14 давлати Европа ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш лойиҳасини бошлади. Германия мудофаа вазири Кристин Ламбрехт ва унинг 14 нафар ҳамкасби 13 октябр, пайшанба куни Брюсселда European Sky Shield ҳаво ҳужумидан қалқонни яратиш нияти тўғрисидаги декларацияни имзолади. 

Ламбрехтнинг сўзларига кўра, лойиҳадан мақсад - «ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидаги бўшлиқларни ёпиш». Россиянинг Украинага қарши уруши фонида вазир таъкидлаганидек, ҳозирги замон «таҳдидли, қийинчиликларга тўла даврдан иборатдир».

Германия ташаббуси билан амалга ошириладиган лойиҳа доирасида баллистик, қанотли ракеталар ва жанговар учувчисиз учоқларни йўқ қилишга мўлжалланган турли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини бирлаштириш режалаштирилмоқда. Ушбу тизимлар орасида Германиянинг Iris-T тизими бор, улардан бири Германия томонидан яқинда Украинага етказиб берилган. Бундесвернинг ўзи ҳали бу тизимларни ишга туширмаган. 

«Ҳозирда Patriot, Iris-T ва ундан ҳам яхшироқ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини тезда олиш муҳим», деди Ламбрехт. АҚШ-Исроилнинг Arrow 3 ракеталарни тутиб олиш тизими шундай қурилма сифатида кўриб чиқилмоқда. Германия, Буюк Британия, Словакия, Норвегия, Латвия, Венгрия, Болгария, Бельгия, Чехия, Финландия, Литва, Нидерландия, Руминия ва Словения қўшма декларацияни имзолади. Лойиҳага Эстония ҳам қўшилиш ниятида. 

Германия канцлери Олаф Шолц август ойининг охирида Европа ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратишни «бутун Европа учун хавфсизлик фойдаси», шунингдек, арзонроқ ва самаралироқ муқобил ҳолат деб атади, сабаби, унинг тушунтиришича, иттифоқчиларнинг ҳар бири фақат ўзи учун қиммат, жуда мураккаб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сотиб олишлари шарт бўлмайди. 

Мавзуга оид