16:38 / 14.10.2022
16015

Москва ва Санкт-Петербургда чақирув қоғозлари оммавий равишда топшириляпти

14 октябр куни эрталаб Россия пойтахти ва Санкт-Петербургда эркаклар «ҳужжатларни текшириш» учун қўлга олиниб, уларга ҳарбий хизматга чақирув қоғози топшириляпти.

Фото: ТАСС

Москва ва Санкт-Петербург аҳолиси 14 октябр, жума куни эрталабдан бошлаб эркаклар оммавий қўлга олинаётгани ва уларга ҳарбий комиссарликка келиш бўйича чақирув қоғозлари берилаётгани ҳақида хабар қиляпти. Бу ҳақда маҳаллий SOTA, Baza, Avtozak LIVE ахборот каналлари ёзмоқда.

Санкт-Петербургда полиция ходимлари ва фуқаролик кийимидаги одамлар шаҳарнинг Калининский туманидаги «Калина парк» ва «Полюстрово парк» турар жой мажмуаларида, шунингдек, Ворошилов кўчасида ҳамда Невский туманидаги «Ладожский парк» турар жой мажмуасида эркакларни тўхтатган.

«Бизнинг турар жой мажмуамизда рейд ўтказилди, полиция, йўл-патрул хизмати ходимлари, фуқаролик кийимидаги шахслар. Ўткинчилар, машиналар тўхтатилмоқда, уйларга кириб-чиқишяпти», деган «Ладожский парк»даги квартиранинг эгаси «Фонтанка» газетасига. Калининский тумани маъмурияти нашрга чақирув қоғозлари «маълумотларга аниқлик киритиш учун» оммавий равишда тарқатилгани ва ёпиштирилганини, полиция ҳарбий комиссарлик ва мансабдор шахсларга «ёрдам кўрсатганини» билдирди. Минтақавий ИИВ Бош бошқармаси матбуот хизматининг таъкидлашича, полиция ходимлари чақирув қоғозини топширмаган, фақат жамоат тартибини қўриқлаган. 

Москвада полиция ва ҳарбий комиссарлар «Галактика» савдо маркази ва камида 13 та метро бекати ташқарисида ҳарбий хизматга чақирилувчиларни қидириш билан овора. 

«Ўртоқ бошлиқлар, сизлар қонунбузарлик қилиб, жамиятда содир бўлаётган ҳар бир воқеага нисбатан душманлик кайфиятини уйғотаётганингизни тушуняпсизми? Бундай хатти-ҳаракатлардан укртарғиботдан кўра кўпроқ зарар бор. «Рейдлар» ҳақидаги хабарларни сохта деб ўйладим, лекин менга шахсан ўзим билган ва тўлиқ ишонган одамлар айтишди», — деб ёзган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш (ИҲК) аъзоси Кирилл Кабанов Telegram-каналида. У ИҲК раҳбари Валерий Фадеевдан прокуратурага мурожаат қилишни сўрамоқчи. Сенатор Андрей Клишас Кабановга «ҳар битта шундай сигнал текширилиши керак, агар тасдиқланса, бундай рейдларга рухсат берган мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши керак», деб жавоб қайтарди. 

Россия президенти Владимир Путин 21 сентябр куни «қисман сафарбарлик» эълон қилиб, «айрим тоифадаги фуқаролар»дан 300 минг кишини чақириққа жалб қилишга ваъда берди. Аслида, сафарбарлик оммавий бўлиб чиқди ва кўплаб қонунбузарликлар билан амалга оширилмоқда. Кўп одамлар ундан қочишга ҳаракат қилишяпти. Журналистларнинг маълумотларига кўра, дастлабки икки ҳафтанинг ўзида 53 та минтақадан 200 мингдан ортиқ киши фронтга жўнатилган. Россия ҳукумати Украинада сафарбар қилинган беш киши аллақачон ҳалок бўлганини тан олди. Йиғин пунктларида 20 га яқин одам ҳаётдан кўз юмди. 

Мавзу
Россияда сафарбарлик
21 сентябр куни Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди. Украинадаги уруш учун яна камида 300 минг киши жалб этилади.
Барчаси
Top