Ўзбекистон | 16:34 / 14.10.2022
11321
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон чиқиндиларни камайтириш бўйича халқаро мажбуриятини бажара олмаслиги мумкин

Ўзбекистон БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ 2030 йилгача чиқиндилар ҳосил бўлиши ҳажмини 2 бараварга қисқартириш мажбуриятини олган, бироқ аҳолининг ўсиши прогнози инобатга олинса, 2030 йилгача чиқиндилар ҳажми 2 бараварга қисқариши эмас, аксинча табиий равишда 2 бараварга ортиши кутилмоқда.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ 2030 йилгача чиқиндилар ҳосил бўлиши ҳажмини икки бараварга камайтириш мажбуриятини бажара олмаслиги мумкин. Бу ҳақда 13 октябр куни танқидий руҳда ўтган Парламент комиссиясининг навбатдаги мажлисида сўз борган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

“Мажлисда БРМ 12-мақсадининг 5-вазифаси, яъни чиқиндилар ҳосил бўлишининг олдини олиш, қайта ишлаш ва такрорий фойдаланиш бўйича чораларни қабул қилиш орқали уларнинг ҳажмини 2030 йилгача икки бараварга қисқартириш юзасидан Бухоро ва Тошкент вилоятларида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида чиқиндилар ҳосил бўлишининг олдини олиш, қайта ишлаш ва такрорий фойдаланиш, соҳага миллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, бу борада тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, умуман олганда, мазкур йўналишдаги ишларни комплекс амалга оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилгани ва соҳага оид 39 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани таъкидланди.

Амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, соҳада мавжуд кўплаб муаммо ва камчиликлар сақланиб қолаётганлигига эътибор қаратилди. 

Парламент комиссиясининг ишчи гуруҳи ўтказган ўрганиш натижасида муайян ҳолатлар аниқланган бўлиб, жумладан, Бухоро ва Тошкент вилоятида чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга оширишга оид маҳаллий дастурлар ишлаб чиқилмаган ва тасдиқланмаган. 

Фото: Сенат ахборот хизмати

Бухоро вилоятида 20 та, Тошкент вилоятида эса 21 та иккиламчи хомашёни қабул қилиш шохобчалари ноқонуний фаолият юритмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон БРМга мувофиқ 2030 йилгача чиқиндилар ҳосил бўлиши ҳажмини икки бараварга қисқартириш мажбуриятини олган, бироқ ҳозирда аҳоли йиллик ўсиш суръатининг прогнози инобатга олинса, 2030 йилгача чиқиндилар ҳажми икки бараварга қисқариши эмас, аксинча табиий равишда икки бараварга ортиши кутилмоқда.

Сенат раиси ана шу омилларни инобатга олган ҳолда чиқиндиларни қайта ишлаш ва такрорий фойдаланиш ҳажмини 4 бараваргача кўпайтириш зарур эканлигини алоҳида таъкидлади. 

Мажлис давомида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси, Тошкент ва Бухоро вилояти ҳокимликларининг ҳисоботи эшитилди. Шунингдек, аниқланган муаммо ва камчиликлар юзасидан тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакилларининг фикрлари тингланди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Мажлис якунида Парламент комиссиясининг соҳадаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган тегишли қарори қабул қилиниб, мутасадди идораларга муайян вазифалар юкланди. 

Хусусан, чиқиндилар билан боғлиқ масалалар юзасидан қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритиш, чиқиндини қайта ишлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар ва преференцияларни белгилаш, келгуси йилга мўлжалланган бюджетни шакллантириш жараёнида чиқиндилар ҳосил бўлишини бартараф этиш чораларини инобатга олиш, янги чиқинди полигонларини очишни чеклаш ва шу каби муҳим масалаларни ҳал этиш вазифалари белгиланди”, – дейилади Сенат хабарида.

Маълумот учун, Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларини қабул қилган ва ундаги 16 та мақсадда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мажбуриятини олган. Бу борадаги миллий мақсад ва вазифалар доирасидаги ишларнинг ижросини таъминлаш, шунингдек, парламент назоратини олиб бориш мақсадида Олий Мажлис палаталари раҳбарлари бошчилигида Парламент комиссияси ташкил этилган. 

Мавзуга оид