Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғона ва Инчон ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар очилади
Жанубий Корея бизнес вакиллари Фарғона вилояти билан ҳамкорликни фаоллаштирмоқда.
Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлган Корея-Ўзбекистон ишбилармонлар уюшмаси (KIUF) бошқаруви раиси Ким Чан Кеон Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё».
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди. Суҳбатдошлар Фарғона вилоятида икки томонлама муҳим лойиҳалар амалга оширилиши билан танишди. KIUF ва Фарғона шаҳридаги Президент мактаби ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда Инчон шаҳри мэри Ю Чон Бокнинг Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари ҳамроҳлигида Фарғона вилоятига бўлажак ташрифи муҳокама қилинди. Режалаштирилган ташриф доирасида Инчон шаҳри ҳокимлиги ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ўртасида ўзаро биродарлик муносабатлари тўғрисидаги битим имзоланиши ҳамда Фарғона ва Инчон шаҳарлари халқаро аэропортлари ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни очиш масаласи муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Томонлар Ўзбекистон ва Корея ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилгани 30 йиллигини нишонлаш доирасида икки томонлама маданий ҳамкорлик ва ўзаро алмашувни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди. Жанубий Кореядаги энг йирик симфоник оркестрлардан бири – Корея эстрада оркестри жорий йилда Фарғона вилоятига ўз дастури билан келиши режалаштирилгани қайд этилди.