Ўзбекистон | 14:25 / 15.10.2022
8057
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Миср пахтачилик соҳасида ҳамкорлик ўрнатади

Ўзбекистон вакиллари Мисрнинг пахтачиликка ихтисослашган Халқаро ўқув марказида тажриба оширади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон элчиси Мансур Қиличев Искандария шаҳрида жойлашган Миср пахтачиликка ихтисослашган Халқаро ўқув маркази фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Бундан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва Миср пахта саноати идоралари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, тажриба алмашиш ва ICTC ҳузуридаги янги касб таълими дастурлари бўйича ўзбекистонлик мутахассислар билим, малака ва кўникмаларини ошириши учун амалиёт ўташини таъминлаш масалаларини муҳокама қилиш билан изоҳланади. 

Дипломатия миссияси раҳбари ICTC раиси Муҳаммад Ҳалил Хидр билан учрашув чоғида ташкилот лабораториялари ва ICTC фаолияти билан танишди. ICTC раҳбари айтишича, 1965 йилда ташкил этилган ушбу марказ асосий мақсад ва вазифалари дунёга машҳур, узун, мустаҳкам толали Миср пахтаси сифатини сақлаш, унинг зарарланиши олдини олишдан иборат.

Марказда Осиё ва Африка мамлакатлари мутахассислари учун ICTC ҳузурида 7-30 кунлик пулли ўқув курслари ташкил этилади. Уларда пахта навларини ажратиш ва классификация қилиш, намуналар асосида махсус текширувлар ўтказиш, намликни аниқлаш, тозалаш, зараркунандаларга қарши курашиш, йигирув ва тўқув маҳсулотлари сифатини белгилаш, пахта вазнини ўлчаш, маркетингини амалга ошириш, экспортига оид масалалар ва бошқа долзарб дастурлар бўйича касбий таълим ва малака ошириш бўйича машғулотлар олиб борилади.

Мисрда пахта йиғими октябрь-январь ойларига тўғри келгани боис, энг мақбул ва самарали ўқув курслари ушбу муддатда ташкил этилиши таъкидланди. Муҳаммад Хидр Ўзбекистон билан пахта соҳасида ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдор эканини маълум қилди.

Учрашув натижасида томонлар бир гуруҳ ўзбекистонлик мутахассисларнинг ICTC бир ойлик ўқув курсларида иштирок этишини ташкил қилиш бўйича келишувга эришди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид