Воқеа жойидан видеолар эълон қилган гувоҳларнинг сўзларига кўра, қамоқхона комплексида қанчадир вақт отишма ва сирена овозлари эшитилган.

Эрон мухолифатчи гуруҳларидан бирида жойлаштирилган видеода «Диктаторга ўлим» ҳайқириғи янграйди - бу Эронни қамраб олган намойишлар шиорларидан бири ҳисобланади.

Давлат нашрлари қамоқхонада вазият назорат остида экани, ёнғин учун «криминал элементлар» жавобгар эканини маълум қилган.

Қамоқхонага олиб борувчи йўл тўсиб қўйилган, ичкарига эса, гувоҳларнинг айтишича, полициянинг махсус батальонлари киритилган. Шунингдек, воқеа жойида ўт ўчирувчилар ишламоқда.

Давлат агентликлари талқинига кўра, ёнғин маҳбуслардан бири ўт қўйиши оқибатида келиб чиққан. Бу маълумотни тасдиқлайдиган бошқа мустақил манба йўқ.

Шунингдек IRNA давлат ахборот агентлиги ҳисобларига кўра, қамоқхонадаги «бандитлар» сақланган қанотда бошланган тартибсизликлар бостирилган (ҳозирча саккиз жабрланувчи ҳақида маълум). Бунда «бандитлар» деб сиёсий маҳбуслар назарда тутилган бўлиши мумкин, Эвин қамоқхонасида айнан шундай маҳбуслар сақланади, улар сўнгги намойишларга алоқадор эмас.

Tasnim ахборот агентлиги эса шахси сир тутилишини сўраган эронлик амалдорга таяниб, тартибсизликларда сиёсий маҳбуслар иштирок этмагани ҳақида хабар берган.

Reuters билан суҳбатлашган гувоҳлардан бирига кўра, қамоқхона атрофида маҳбусларнинг қариндошлари тўпланган.

Эвинда мухолифатчилардан ташқари эронлик журналистлар ва Эронда озодликдан маҳрум этилган хорижликлар, шунингдек икки фуқароликка эга шахслар ҳам муддат ўтайди.

Ғарб ҳуқуқ ташкилотлари азалдан Эвин қамоқхонасидаги қатъий режимни танқид қилиб келади. Human Rights Watch ташкилотидагилар Эвиндаги маҳбуслар қийноққа солиниши, уларга зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилмаслиги ва ундайлар бутун умр қамоқда қолиш хавфи мавжудлиги ҳақида ёзади.

Ўтган йил августида Edalat-e Ali (Алининг адолати) номли ҳакерлар гуруҳи интернетга қамоқхона ичкарисидаги кузатув камерасига тушган видеоёзувларни эълон қилганди - уларда нозирлар маҳбусларни камситаётгани ва қийнаётгани акс этган.