Ўлмасжон оёғидаги нуқсон сабаб мактабга бора олмади. Таҳсилни уйида олди. Айнан бахтсиз ҳодиса сабаб ота-онаси ажраб кетди. У отасиз улғайди.

“1988 йил 27 декабрда сандал тўла чўғга тушиб кетиб куйиш натижасида икки оёғимнинг тизза қисмига шикаст етган. Шифокорлар оёғимни кесиб ташлашга мажбур бўлишган. Ўша пайтда чақалоқ бўлганим учун бўлиб ўтган мудҳиш воқеани эслай олмайман. Ота-онамдан эшитганман. Вақти келиб тенгдошларим мактабга чиқишди. Мен эса таълим даргоҳига бора олмадим. Ўқитувчилар уйимизга келиб дарс бериб кетишар эди. Дўстларим қатори мактабга бориб дарс олиш ушалмас орзуларимдан бири бўлиб қолди.

18 ёшга тўлганимда ўқишга киришга қарор қилдим. Фарғона шаҳридаги ногиронлар коллежида таҳсил олдим.

Отамни 19 ёшга кирганимда таниганман. Бахтсиз ҳодисадан куйиб оёғимдан ажраганимдан кейин ўртага совуқчилик тушиб, ота-онам ажрашиб кетишган. Отам Жиззах вилояти Дўстлик туманида истиқомат қилган. 19 ёшга тўлганимда, оёғимга протез кийишни бошлаганимда отамни топдим. У билан учрашганмиз. Охиратлари обод бўлсин. 2018 йилда отам вафот этди. Яратган менга икки ўғил берди”­, – дейди у.   

Тасалли...

Ҳар куни тизимли режа асосида ишлайман. Асаларичилик асосан март ойидан бошланади. Унгача зерикиб қолмаслик учун иссиқхонага бодринг экиб парваришлайман. Томорқа ерини ағдараман. Скутеримда қўшниларнинг юмушини қилиб бераман.

Ногиронлик билан эсимни танидим. Табиий оёқда юриб “мазза” қилмадим. Яратганга шукр, шундай бўлса-да, ҳолатим ўзимга маъқул келади. Айнан ногиронлигим, оёғим йўқлиги учун армон қилмайман. Чунки бу арзийдиган нарса эмас.

Ёши катта бир инсон насиҳат қилган эди. Сен оёғинг билан эмас онг, ақл-идрокинг билан яшайсан, деб. Агар шундай бўлса қўли, оёғи йўқ ёки кўзи ожиз кимса бу дунёда бўлмас эди. Тушкунликка тушганимда шу инсоннинг гапи тасалли беради. Вазиятдан чиқиб кетиш учун китоблар ўқишга ҳаракат қиламан.