Ўзбекистон | 08:02 / 17.10.2022
6587
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорларга мева-сабзавот экспорти бўйича енгиллик берилади

Президентнинг “Якка тартибдаги тадбиркорларга мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишда мулкий ҳуқуқлар дахлсизлигини таъминлаш ва шу муносабат билан президент ва ҳукумат айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2022 йил 1 ноябрдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини олдиндан тўлов, очилган аккредитив, расмийлаштирилган банк кафолати ва экспорт контрактини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш бўйича полис мавжуд бўлмасдан хорижий валютага экспорт қилиш ҳуқуқи берилади.

Президент ва ҳукумат айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилади.

Савдо-саноат палатаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги негизидаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ташкил қилишда яратилаётган имкониятлар бўйича маҳаллий тадбиркорлик субъектлари ўртасида тушунтириш ишларини олиб боради.

Билдирилишича, 2021 йилда республика миқёсида 1 684 та тадбиркорлик субъектлари томонидан жами 1529 минг тонна ёки 965 млн долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти амалга оширилган бўлиб, шундан 170 та якка тартибдаги тадбиркорлар 100 фоиз олдиндан тўлов асосида 4,8 млн долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилган.

Якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини олдиндан тўлов, очилган аккредитив, расмийлаштирилган банк кафолати ва экспорт контрактини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш бўйича полис мавжуд бўлмасдан хорижий валютага экспорт қилиш ҳуқуқи берилиши натижасида республикада мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари сони ошади ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида сезиларли ўсишга эришилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид