Бу ҳали фронтга боришга улгурмаган ҳамда Мудофаа вазирлиги ўқув марказлари ва ҳарбий базаларида турли сабабларга кўра ҳалок бўлган сафарбар қилинганлар сони. Ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотлар, асосан, сафарбар қилинганларнинг қариндошлари ва яқинлари мурожаат қилувчи минтақавий нашрларда пайдо бўлмоқда. Расмийлар бу ҳодисаларга изоҳ беришни хоҳламайди ва айбни асосан жабрланганларнинг ўзига юклайди.

28 сентябр куни бир қатор нашрлар ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларга таяниб, Тюмен яқинидаги «Андреевский» йиғин пунктида сафарбар қилинган эркак ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Маҳаллий ҳокимият ҳеч қандай тафсилотларни, жумладан, марҳумнинг исм-шарифини ҳам очиқламади ва ОАВ сўровларига жавоб бермади.

11 октябр куни Тергов қўмитасининг ҳарбий тергов бўлими сайти бўлмиш «72.РУ»да Тюмен гарнизонидаги эркакнинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатилгани ва тергов ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди, аммо тўлиқ тафсилотлар яна ошкор қилинмади. 12 октябр куни, «НЕФТЬ» нашри ўз манбаларига таяниб, эркак 49 ёшда бўлгани ва уй-жой коммунал хўжалиги корхонасида ишлагани ҳақида хабар берди.

«Халтадаги яланғоч жасад қишлоққа етказилди ва унга «Асфиксия» (танага сунъий таъсир сабаб кислород етишмаслиги, масалан, овқат тиқилиб қолиши каби) ташхиси билан тиббий гувоҳнома берилди. Ўлим сабабига «жанг пайтидаги ўлим» ҳам, «ўз жонига қасд қилиш» ҳам эмас, балки «бошқа сабаб» кўрсатилган», — дея таъкидлайди нашр.

28 сентябр куни «Байкал ўлкаси жануби-шарқидаги ҳарбий қисмлардан бирида сафарбар қилинган шахснинг жасади топилди», дея хабар берди «Чита.ру» портали. Тергов қўмитасининг ҳарбий тергов бўлими журналистларга ўлим юз берганини тасдиқлаган, аммо шундай сўнг бошқа тафсилотларни ошкор қилмаган.

3 октябр куни Новосибирск олий ҳарбий қўмондонлик билим юртида сафарбар қилинган эркак ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалди. Бу маълумотни Новосибирск областидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссар Нина Шалабаева тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, эркак ухлаётган пайтида вафот этган.

Кейинроқ Омбудсман идораси аниқлик киритишича, марҳум Братскда туғилган 35 ёшли Александр Колтун бўлган.

Тиббий хулосада Колтуннинг ўлимининг расмий сабаби сифатида юрак хуружи кўрсатилган. Бироқ Колтуннинг оиласи ўлим зўравонлик сабаб содир бўлганини гумон қилмоқда. Оиладагиларнинг журналистларга айтишича, эркакнинг танасида гематомалар ва синиш излари топилган.