Карло Анчелотти навбатдаги ютуққа эришди: Бензема «Олтин тўп» билан тақдирлангач, мураббий қўл остида ушбу совринга эришган футболчилар сони 4 нафарга етди. Шу пайтгача ҳеч бир италиялик мутахассис бундай кўрсаткични қайд этмаган эди.

2004 йил – Андрей Шевченко (Анчелотти қўли остида 2001-2006, 2008-2009 йилларда ўйнаган)
Ҳаммаси 2000-йилларнинг кучли «Милан»ида бошланди, Анчелотти у билан икки марта Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқди. Шевченко «Челси»га ўтиб кетишдан олдин, 2003 йилда Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонди. 2004 йилда «Олтин тўп»ни қўлга киритди. Ўша мавсумда украиналик футболчи 24 та гол билан А Сериянинг энг яхши тўпурари бўлди ва «Милан»га 5 йил ичида биринчи марта чемпионликни қўлга киритишга ёрдам берди. Шева 2004 йил август ойида Италия Суперкубогида ҳам хет-трик қайд этган ҳолда ғалаба қозонган эди.
«Олтин тўп» учун курашда ҳужумчи Деко, Роналдиньо ва Анрини ортда қолдирди.
Яқинда «Реал» Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонгач, Шевченко Анчелоттини илиқ табриклади:
«Табриклайман, мистер. Сизга ўхшаш бошқа мураббий йўқ! Биринчи марта – 19 йил олдин Манчестерда. Чемпионлар Лигасида тўртта ғалаба, сиз тарихни ёздингиз».

2007 – Кака (Анчелотти қўли остида 2003-2009 йилларда ўйнаган)
Анчелотти Кака билан йиллар давомида бирга ишлади ва уни дунё даражасидаги футболчига айлантирди. Бразилиялик футболчи 2007 йилда «Милан»нинг Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонишида муҳим рол ўйнади: 10 та гол уриб, энг яхши тўпурар бўлди, турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Ўша йили «Милан» УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб чиқди.
«Олтин тўп» учун курашда Кака (444 балл) ишончли тарзда Роналду (277) ва Мессидан (255) ўзиб кетди.
2020 йилда Кака Анчелоттини фаолиятидаги энг яхши мураббий деб айтди:
«Ҳар бир мураббийимдан нимадир ўргандим. Аммо Карло мен учун энг зўр эди, чунки у энг яхши хислатларимни юзага чиқарди. Унинг энг муҳим қобилияти – футболчиларни бошқара олиши. Бу жуда муҳим. Албатта, у тактика ва ўйинни тушунишда ҳам яхши, лекин асосийси – футболчилар билан ишлаши.
Таркибда 25 футболчи бор, улардан фақат 11 нафари майдонда ўйнайди, қолганларини нима қилиш керак? Қандай қилиб уларнинг иштиёқини ўлдирмайсиз? Футболчилар уни ҳар доим илиқ сўзлар билан эслашади».


















