Жаҳон | 07:55 / 19.10.2022
21710
2 дақиқада ўқилади

АҚШ қирувчи самолётлари Россиянинг иккита бомбардимончи самолётини тутиб олди

АҚШнинг иккита F-16 самолёти Аляска устидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа зонасида иккита Ту-95 самолётини тутиб олди, дея хабар беради NORAD.

F-16 қирувчиси / Фото: military.com

17 октябр куни АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг иккита F-16 қирувчиси Аляска штати устидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зонасида (ADIZ) Россиянинг иккита Ту-95 (НАТО таснифида Bear-H ) ракета ташувчи стратегик бомбардимончи самолётини тутиб олди. Бу ҳақда 18 октябр, сешанба куни Шимолий Америка аэрокосмик мудофаа қўмондонлигининг (NORAD) ушбу минтақадаги ваколатхонасида маълум қилинди.

NORAD Америка Қўшма Штатлари ва Канада миллий ҳаво кенгликларига ҳеч қандай босқинлар бўлмаганини таъкидлади. ADIZ - суверен ҳаво ҳудудидан ташқарида жойлашган периметр, у ерда рақиб томонидан душманлик ҳаракати содир бўлганда қўшимча жавоб вақтини таъминлаш учун ҳаракат назорат қилинади.

Россия ракета ташувчиларининг ADIZ зонасидаги фаоллиги Америка томони томонидан таҳдид ёки провокация сифатида баҳоланмаган.

NORAD ADIZ'га кирадиган хорижий ҳарбий самолётларни аниқлайди, уларнинг ҳаракатларини мунтазам кузатиб боради ва керак бўлса, улар ушбу зонани тарк этгунига қадар уларга ҳамроҳлик қилади, деб хабар берди қўмондонлик.

AFP агентлигининг таъкидлашича, ушбу ҳудудда Россия самолётларини тутиб олиш мунтазам равишда содир бўлади.

Politico нашрининг 27 сентябр куни хабар беришича, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари разведка хизматлари ядровий зарбага тайёргарлик кўриш жараёнини аниқлаш имкониятига эга бўлиш учун Россияни ҳаво, коинот ва киберкосмосда кузатишни кучайтирган.

Politico суҳбатдошларининг тушунтиришича, Россия самолётларининг аксарияти нафақат оддий ракеталар, балки қитъалараро баллистик ракеталар каби стратегик қурилмалардан кўра жанг майдонида кўпроқ мақсадли фойдаланиш учун мўлжалланган кичикроқ тактик ядро қуроллари билан жиҳозланиши мумкин.

Мавзуга оид