«Озодлик радиоси»нинг Тожикистондаги хизмати Белгород областидаги полигонда оммавий қотиллик содир этгани айтилаётган шахслардан бирининг оиласини топишга муваффақ бўлди. Гап 24 ёшли Эҳсон Аминзода (Эҳсони Тожиддин) ҳақида кетмоқда. Расмий равишда Россия ҳукумати уни айбланувчи сифатида эълон қилмаган. Аммо бир неча кун олдин тармоқда оддий аскар Эҳсон Аминзонда номига ёзилган гувоҳнома Белгород областида ҳалок бўлганлар сурати билан бирга эълон қилинди. Шу билан бирга Эҳсон ўт очганлар ёки қурбонлар орасида эканига аниқлик киритилмаган.
Аминзоданинг яқинлари у Украинадаги урушда қатнашмоқчи бўлмагани ва диний радикал эмаслигини айтган. Уларнинг сўзларига кўра, у Россияга етти ой аввал борган ва Москвадаги ресторанлардан бирида патент асосида ишлаган. Аминзоданинг дўстларидан бири аноним равишда, дўстининг урушда қатнашиш нияти бўлмагани, пул топиб, ватанига қайтиб, уйланиш ниятида бўлганини айтган.
«У радикал кайфиятдаги одам эмасди, бошқа ёшлардан фарқ қилмасди. Агар у радикал бўлганида, ҳеч қачон ресторанда ишламаган бўларди», — дейди манба.
Яқинларининг айтишича, Аминзода билан алоқа 10 октябр куни, полигондаги отишма юз беришидан беш кун олдин узилиб қолган. Унинг укаси Фируз Аминзоданинг айтишича, 10 октябр куни кечқурун Эҳсон унга қўнғироқ қилиб, дўстлари билан учрашмоқчи эканини айтган (дўстларидан бирининг сўзларига кўра эса, Эҳсон «Люблино» метро бекати ёнида таниш йигит билан учрашган»). Шундан сўнг унинг телефони ўчирилган.
«У қандай қилиб Белгородга бориб қолганини билмаймиз», — дейди Фируз Аминзода. Унинг айтишича, уни ҳарбий прокуратурага чақиришган.
Эҳсоннинг отаси Тожиддин Аминзода «Озодлик» радиосига ўғлининг ўлимини тасдиқлаган, бироқ у ҳақида гапиришдан бош тортган.
Аминзода қандай қилиб Россия армияси таркибига кириб қолгани номаълум. Октябр ойи ўрталарида Москва метроси яқинида сафарбарликка мос одамларни топиш бўйича рейдлар ўтказилганди. Аммо Аминзоданинг яқинлари айтишича, у Россия фуқаролигига эга бўлмаган. Демак, расмий равишда ҳарбий комиссарлар уни армияга олиб кетиш ҳуқуқига эга бўлмаган.
Сафарбарлик кўплаб қонунбузарликлар билан давом этмоқда, бироқ нашрлар ҳали Россия фуқаролиги бўлмаган шахслар армияга мажбуран жўнатилгани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Лекин, хорижликлар ихтиёрий равишда урушга бориши мумкин. «Эҳсон Аминзода» исми ёзилган гувоҳномани тармоққа жойлаган украиналик, лекин Кремл учун ишловчи блогер Анатолий Шарийнинг постидан маълум бўлишича, Белгород областидаги полигонда ўт очган аскарлар кўнгиллилар бўлган.


















