Россия президенти Владимир Путин мамлакат Хавфсизлик кенгашининг ялпи мажлисини ўтказди. Йиғилишда Путин Россия эгаллаб олган Запорижжя, Херсон, «ДХР» ва «ЛХР»да ҳарбий ҳолат жорий этилишини маълум қилди.

Путин бу ҳудудларда ҳарбий ҳолат Россия қонунчилиги асосида жорий этилишини айтди. Чунки бу ҳудудлар Украина назоратида бўлганида ҳам ҳарбий ҳолат эълон қилинган ва унда жараён Украина қонунлари асосида амалга оширилган. Шунингдек, «махсус ҳарбий амалиёт» (Россияда урушни шундай аташади) давомида юзага келадиган эҳтиёжларни қондириш бўйича кўрсатмалар рўйхати ҳам тасдиқланди.

Путин ҳарбий ҳолат қанча муддатга жорий қилинганига аниқлик киритмади. Россия Запорижжя, Херсон, «ДХР» ва «ЛХР»ни 30 сентябр куни ўз сафига қўшиб олганини эълон қилган, аммо кўп ўтмай ушбу ҳудудлардаги бир неча шаҳарларни бой берганди. Охирги вақтларда Украина армияси яна қарши ҳужумларни кучайтиргани айтилмоқда.

«Жавоб беришнинг ўртача даражаси» ва «юқори тайёргарлик даражаси»

Йиғилишда Россия ҳудудларида минтақавий мудофаа штаблари ташкил қилиниши айтилди. Россиядаги ҳудуд раҳбарлари эса қўшимча ваколатларга эга бўлади. Ҳудуд раҳбарларининг ваколатларини ошириш борасида қарори ҳақида гапирар экан, Путин буни «жамоат тартибини сақлаш ва ҳаётий зарур объектларни муҳофаза қилиш учун зарурлиги» билан изоҳлади.

Путиннинг яна бир фармони билан Краснодар ўлкаси, Белгород, Брянск, Воронеж, Курск, Ростов ва 2014 йилда босиб олинган Қримда «жавоб беришнинг ўртача даражаси» эълон қилинди. Бу ҳудудлар Украина билан чегарада жойлашган. Бу тартиб ҳудудларга иқтисодий соҳада сафарбарлик амалга ошириш ва минтақавий мудофаа штабларини ташкил қилиш имконини беради.

Россия жанубий ва марказий қисмларида «юқори даражадаги тайёргарлик» режими эълон қилинди. Бу режимда ҳам минтақавий мудофаа штаблари ташкил этиш имконини беради. Шунингдек, бу режимда транспорт, алоқа ва энергия объектларида алоҳида тартиб амалда бўлади. Бундай ҳудудларда давлат ташкилотлари, ҳарбий объектлар ва махсус бинолар жиддийроқ қўриқланади.

«Ҳудудий мудофаа» штаблари ташкил қилишни Собянин бошқаради

Минтақавий мудофаа штаблари тузиш федерал марказини Москва мэри Сергей Собянин бошқаради. Кенгаш мажлисида сафарбар этилган ҳар бир фуқаро ойига 195 минг рублдан олиши ҳам таъкидланди. «Махсус ҳарбий амалиёт» давомида таъминоти бўйича юзага келадиган масалаларни ҳал қилувчи кенгашни Россия бош вазири Мишустин бошқарадиган бўлди.