Жамият | 10:19 / 19.10.2022
16716
2 дақиқада ўқилади

Ургутда 6-синф ўқувчисини уриб қулоқ пардасини йиртиб юборган директорга чора кўрилди

Ҳодиса 2022 йил 12 октябр куни Ургут тумани ХТБга қарашли 61-мактабда содир бўлган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси Ургут туманидаги 61-мактаб директори шу мактабнинг 6-синф ўқувчиси Д.Ҳ.ни уриб жароҳат етказгани тўғрисидаги хабарлар юзасидан муносабат билдириб, ҳолат юзасидан ишчи гуруҳи ўрганишлар олиб борганини маълум қилди.

Ўрганишларда аниқланишича, 2022 йил 12 октябр куни соат 13:30 ларда 61-мактабнинг 6-синфида дарс ўтаётган она тили ва адабиёт ўқитувчиси коридорда директорнинг овозини эшитгач, чиқиб унга болалар дарсга қулоқ солмасдан пиротехника воситаларини портлатаётганидан шикоят қилган.

Директор синфхонага кириб сўраб ўтирмасдан шу синф ўқувчиси Д.Ҳ.ни уриб кетган. Гувоҳларнинг таъкидлашича, жабрланувчи синфдаги безориликда иштирок этмаган.

Юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, Ургут туманидаги 61-мактаб директори Б.Р. вилоят халқ таълими бошқармасининг тегишли буйруғига асосан лавозимидан озод этилган.

«Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ҳар қандай ҳолатда ҳам ўқитувчиларнинг ўқувчиларга бўлган агрессив муносабатларини қоралайди. Устоз деганда, кўз олдимизда меҳр-муҳаббат тимсоли гавдаланади. Бежизга устозлар ҳақида гап кетганда, “меҳри дарё устозлар” дея таъриф берилмайди. Устозлар, мактаб раҳбарлари нафақат юриш-туриши, балки, одоб-ахлоқи, муомала маданияти билан ҳам атрофдагиларга шахсий намуна бўлишлари шарт ва лозимдир», дейилади вилоят ХТБ муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, тиббиёт ходимлари директор урган боланинг қулоқ пардаси йиртилганини қайд этишган.

Мавзуга оид