Кеча парижликлар навбатдаги йирик ғалабани қўлга киритди ва Неймарсиз ҳаракат қилган Месси-Мбаппе жуфтлиги биргаликда учта гол «яратишди». Бугун эса бизни бир қатор топ учрашувлар кутиб турибди. Августда «Брайтон» билан тен Ҳагни енгган Поттер иккинчи маротаба шу ишга уриниб кўради, Испанияда эса Мадрид ва Андалусия тўқнашади – биратўла икки учрашув. Италияда Шомуродов билан бирга машғулот ўтказадиган футболчилар А Серия пешқадамини енгишга уриниб кўришади.

ЧЕЛСИ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (22 октябрь, 21:30)

Беш йил олдин «Челси» «Стэмфорд Бриж»да Моратанинг голи ҳисобига «Манчестер Юнайтед» устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Ўша куни мезбонлар асосий таркибида майдонга тушган футболчилардан фақат Аспиликуэта, меҳмонлардан эса Де Хеа ва Рэшфорд қолди холос. Шундан буён АПЛда жамоалар 9 марта тўқнаш келишди ва «Челси» ғалаба қозона олгани йўқ. Тўғри, орада икки марта лондонликлар «Уэмбли»да, Кубок баҳсларида устун келганини ҳам эътироф этиш керак. Жамоалар ўртасидаги охирги тўрт учрашув эса дуранг натижа билан тугаган.

Бугунги учрашувга ҳам жамоалар турнир жадвалида қўшни ўлароқ рўбарў келишмоқда. «Челси» атиги бир очко олдинда бормоқда ва агар меҳмонлар устун келадиган бўлса, тен Ҳаг жамоаси ушбу мавсумда илк бор кучли тўртликка кириб олади. «Юнайтед» топ рақибларга қарши ўйинларни жуда яхши ўтказмоқда, «Олд Траффорд»да «Ливерпуль», «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» мағлуб этилди, аммо ягона сафар учрашуви «Этиҳад»да қандай тугаганини биласиз. Тен Ҳаг матбуот анжуманида қайси майдонда ўйнашнинг фарқи йўқлигини ва фақат ғалаба учун майдонга тушишини таъкидлаб ўтди.

«Челси» янги мураббий қўл остида аста-секин ўзига келмоқда. Жамоанинг мағлубиятсиз ўйинлари серияси 7 ўйинга етди, Чемпионлар Лигасидаги вазият бироз ўнгланди. Айниқса, ҳимоя чизиғини алоҳида эътироф этиш керак – Кепа беш ўйиндан бери ўз дарвозасидан гол олиб чиққани йўқ. Тўғри, қаторасига 5 ғалабадан сўнг, «Брентфорд» майдонида дуранг қайд этилди, аммо Поттер бу учрашувда баъзи футболчиларга дам берганини ҳам таъкидлаш керак. «МЮ»га қарши ўйин, уч кун ўтиб эса Чемпионлар Лигасидаги ҳал қилувчи баҳс олдидан мураббий ротация амалга оширди, дейиш мумкин. Катта эҳтимол билан Обамеянг, Сильва, Ковачич, Стерлинг каби футболчилар бугун илк дақиқалардан майдонга тушишади.

Йўқотишларга келсак, мезбонлар сафида доим «Юнайтед»га қарши ўйинларда гол уришни ёқтирадиган Канте, шунингдек, Рис Жеймс майдонга туша олмайди. Меҳмонлар сафида эса Марсиял, Магуайр ва Донни ван де Бек тўлиқ тикланиб улгургани йўқ. Тен Ҳаг кеча фақат Аарон ван Бисакка тўлиқ машғулотларга қайтганини маълум қилди. Шунингдек, «Челси» дарвозасига охирги голни урган «иблис» – Криштиану Роналду ҳам Лондонга бормади. Бунинг сабаби ҳаммага маълум.