09:16 / 24.10.2022
18041

Борис Жонсон пойгадан чиқди

Борис Жонсон Консерватив партия етакчилиги учун ўз номзодини қўйиш фикридан қайтди. Бу эса Буюк Британиянинг кейинги бош вазири катта эҳтимол билан Риши Сунак бўлишини англатади.

Фото: Reuters

Сентябр ойига қадар бош вазирлик лавозимини эгаллаб турган Жонсонни Жамоат палатасидаги консерваторлар фракциясининг камида 100 аъзоси қўллаб-қувватлаган. Унинг баёнотида айтилишича, унга овоз беришга тайёр бўлган депутатлар сони 102 нафарни ташкил этган, аммо бу бошқа манбадан тасдиқланмаган ва бу уни қўллаб-қувватлаши кутилган депутатлар сонидан камроқ.

Шу билан бирга, у партия ичидаги овоз бериш жараёнида ғалаба қозониб, жума кунидан бош вазирликка қайтиш учун яхши имкониятга эга бўлгани, аммо «ҳозир қулай вақт эмаслиги», партия ичида мухолифлари кўплиги, фракциядаги бирликсиз мамлакатни самарали бошқариш имкони бўлмаслигини қайд этган.

2020 йил февралидан 2022 йил июлига қадар молия вазири лавозимида ишлаган Риши Сунак эса партия раҳбарлиги учун пойгада қолмоқда, уни 157 нафар депутат қўллаган, шунингдек сайловда қатнашиш ниятини эълон қилган Пенни Мордонт бор, аммо у ўз номзодини қўйиш учун етарлича овоз тўплай олмаслиги мумкин - якшанба куни кечқурун ҳолатига кўра, уни фақат 25 киши қўллаган.

«Мен Риши билан ҳам, Пенни билан ҳам музокара олиб боришга ҳаракат қилдим, чунки биз миллат манфаати йўлида бирлаша олишимизга умид қилгандим. Афсуски, бунинг йўлини топа олмадик. Мен ўзимда таклиф қиладиган нарсам борлигига ишонаман, аммо ҳозирда, қўрқаманки, бунинг учун энг тўғри вақт эмас», дейилади Борис Жонсоннинг баёнотида.

Кўплаб торилар Жонсон ҳукумати парчаланишида айбдор деб ҳисоблайдиган Риши Сунак у ўз бош вазирлигида кўп нарсага, «брекзит»дан тортиб коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқилиши ҳамда жорий этилишига қадар қатор муваффақиятларга эришганини эътироф этган. «У мамлакатимизни биз бошимиздан кечирган қатор оғир синовлардан олиб ўтди, кейин у Путин ва унинг Украинага қарши варварларча урушига қарши чиқди. Биз бунинг ундан доимо миннатдор бўламиз», дея ёзди бош вазирлик учун фаворит бўлган Сунак твиттерида.

Агар душанба куни маҳаллий вақт билан соат 14:00 га қадар Сунакдан бошқа ҳеч ким камида 100 депутат томонидан қўллаб-қувватловга эга бўлмаса, у автоматик равишда партия раҳбарига айланади, жума кунидан эса Лиз Трасс ўрнига бош вазирлик лавозимини эгаллайди.

Top