23 октябр куни Тошкентда “Ўзбекистон: Марказий Осиё бўйлаб замонлар оша саёҳат” номли янги ҳужжатли филм премьераси бўлиб ўтди.

Филм Франциянинг “Le Poisson Volant” кинокомпанияси, ARTE маданият телеканали ва Лувр музейи билан ҳамкорликда яратилган. Лойиҳа ташаббускори – Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.

Сценарий муаллифи – франциялик Ив Нилли, режиссёр ҳам француз ижодкори – Живко Даракчиев. Ҳужжатли филмда милоддан аввалги 4-асрда яшаган Искандар Зулқарнайндан бошлаб, милодий 15-асрда ҳукмдор бўлган Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбеккача бўлган даврдаги Марказий Осиё тарихи ҳақида ҳикоя қилинади.

Томошабин филмни кўрар экан, замонлар оша саёҳат қилиб, Марказий Осиё ҳудудида яшаган халқлар, уларнинг маданияти, дини ва турмуш тарзи ҳақида билиб олиши мумкин.

Саида Мирзиёева, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раисининг ўринбосари.
Фото: Telegram / Saida Mirziyoyeva

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёеванинг сўзларига кўра, филм кейин ой Лувр музейида намойиши бошланадиган “Ўзбекистон воҳаларининг хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” номли кўргазмада намойиш қилинади.

“Мақсадимиз – Ўзбекистоннинг бебаҳо маданий-тарихий меросини жаҳон маданият майдонида кенг ёйиш ва маданиятлараро алмашинувни ривожлантиришдан иборат. Живко Даракчиевнинг ажойиб режиссёрлик иши ва бутун тасвирий гуруҳ маҳорати туфайли филм воқеалари бизни ҳаяжонга солади, савдо йўллари ва маданий алмашинув маконлари бўйлаб ғаройиб саёҳатга етаклайди. Филм томошабинга кўп асрлар давомида бетакрор санъат намуналари ва муҳим меъморий иншоотларни яратиб келаётган минтақанинг улуғвор маданияти жамланган масканга саёҳат қилдириб, кўплаб муҳим маълумотлардан бохабар қилади”, – деди Саида Мирзиёева.

Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушезнинг айтишича, янги ҳужжатли филм премьераси шу йил 23 ноябрдан Франциянинг Париж шаҳрида бошланадиган Ўзбекистон кўргазмасининг дебочаси ҳисобланади.

Орелия Бушез, Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси.