Жаҳон | 11:03 / 27.10.2022
12024
3 дақиқада ўқилади

Сурия Мудофаа вазирлиги: Исроил Дамашқ атрофига зарбалар берди

Исроил Дамашқ атрофига бир неча бор ҳаво ҳужумлари уюштирди, деб хабар берди Сурия Мудофаа вазирлиги. Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинги маркази маълумотларига кўра, нишонлар Сурия пойтахти аэропорти яқинида жойлашган.

Фото: AFP

Исроил 27 октябр, пайшанбага ўтар кечаси Дамашқ чеккасига бир неча бор ҳаво ҳужумларини амалга оширди, деб хабар берди Сурия Мудофаа вазирлиги. Идора маълумотларига кўра, учирилган бир нечта ракета ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан тутиб олинган. Исроилнинг ўққа тутиши «моддий зарар етказди», бироқ Мудофаа вазирлиги бу бўйича ҳеч қандай тафсилот келтирмади.

AFP'нинг Суриядаги мухбири пойтахтда чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси портлашлар эшитилганини тасдиқлади. Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинги маркази (Буюк Британияда жойлашган инсон ҳуқуқлари ташкилоти) маълумотларига кўра, зарбалар Дамашқ халқаро аэропорти яқинига амалга оширилган.

Сурияда фуқаролар уруши бошланган 2011 йилдан бери Исроил мамлакатдаги нишонларга «юзлаб» ҳаво ҳужумларини амалга оширди, деб эслатади AFP. Зарбалар мақсади Асад режимига содиқ Сурия қўшинлари, шунингдек, Ҳизбуллоҳ гуруҳи каби иттифоқчиларнинг позициялари бўлган. Хусусан, 14 август куни Россия ҳарбий-денгиз кучларининг Суриядаги асосий базаси ҳисобланган Тартус порти яқинида жойлашган Эрон ҳарбий объектларига зарба берилди.

20 октябр куни The New York Times газетаси Россия Федерацияси Суриядан умумий 1600 нафаргача аскари ва С-300 зенит-ракета комплекслари бўлган икки батальон қўшинини олиб чиққани ҳақида хабар берди. Исроил армиясидаги газета манбасининг қўшимча қилишича, Суриядан бир неча россиялик қўмондон аллақачон Украинага кўчирилган. Яқинда Украинадаги рус қўшинлари гуруҳига қўмондонлик қилиб тайинланган генерал Сергей Суровикин ҳам аввалроқ Суриядаги жангларга бошчилик қилган.

Турли нашрлар бир неча ойлардан бери Россия Федерацияси Суриядаги ҳарбий иштирокини Украинада мустаҳкамлаш мақсадида камайтираётгани, шунингдек, Украина фронтига суриялик ёлланма аскарларни юбораётгани ҳақида ёзмоқда. Сентябрь ойида ОАВ Россия Украинадаги катта йўқотишлар фонида Суриядаги можарога «сиёсий ечимни тезлаштиришга» уринаётгани ҳақида хабар берган эди.

Айни пайтда, Киев Россиянинг ўз ҳудудига йирик зарбаларидан сўнг Исроилдан Украина шаҳарларини ҳимоя қилиш учун самарали ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришни расман сўради.

Мавзуга оид