Жамият | 17:55 / 27.10.2022
22251
3 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors ҳамда GM ўртасида ишлаб чиқаришни ошириш ҳақида шартномалар имзоланди

Фото: UzAuto Motors

General Motors International компанияси президенти Шилпан Амин бошчилигидаги делегация Асакадаги UzAuto Motors заводига ташриф буюрди. UzAuto компаниясининг General Motors билан кўп йиллик ҳамкорлиги ривожланишнинг янги босқичига ўтди – General Motors раҳбарияти билан UzAuto Моtors келажаги учун муҳим бўлган стратегик келишувлар муҳокама қилинди, натижада ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор шартномалар имзоланди.

General Моtors делегациясининг UzAuto жамоаси билан учрашувида компаниялар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва ишлаб чиқариш географиясини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, суҳбат чоғида Қозоғистон ва Озарбoйжонда Chevrolet автомобилларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув якунида “Узавтосаноат” АЖ ва UzAuto Motors General Моtors билан ишлаб чиқариладиган автомобиллар линиясини янгилаш, заводлар қувватини ошириш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан қатор шартномалар имзолади.

Хусусан, 2023 йилда автомобиллар ишлаб чиқариш қувватини 500 минг донага етказиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу кўрсаткичларга эришиш учун янги моделлар ишлаб чиқаришдан ташқари, “Cobalt” ва “Damas” автомобилларининг ҳар бирини ишлаб чиқариш қувватини 150 минг донагача оширишга қарор қилинди.

Бундан ташқари, томонлар UzAuto Motors'ни МДҲ давлатлари орасида автомобил ишлаб чиқариш бўйича етакчига айлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлиги, шунингдек, Қозоғистон ва Озарбoйжон билан автомобилларни кичик тармоқда ишлаб чиқаришни (CKD) муваффақиятли ташкил этишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, белгиланган мақсадларга эришиш учун General Motors компанияси бутловчи қисмларни узлуксиз етказиб беришда қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. General Motors билан биргаликда UzAuto Моtors заводи ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширади, узоқ муддатли истиқболда у 1 миллион дона автомобилни ташкил этади.

Ташриф дастуридан, шунингдек, заводнинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан таништириш ҳам жой олди, унинг доирасида жаноб Шилпан Аминга Chevrolet Tracker ва Оnix автомобилларини ишлаб чиқариш линиялари ҳамда уларни ишлаб чиқаришга оид режалар тақдим қилинди.

Реклама

Мавзуга оид