“Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган ва жазо муддатини ўтаб бўлган хотин-қизларни меҳнат бозорида рақобатбардош касб-ҳунар турларига ўқитиш орқали бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳамда уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.
Низом президентнинг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб – қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган, жазо муддатини ўтаб бўлган хотин-қизларни меҳнат бозорида рақобатбардош касб-ҳунар турларига (тикувчилик, бичувчилик, тўқувчилик, каштачилик, дизайнер, сартарош, пазандачилик, тадбиркорлик ва бошқа) ўқитиш орқали бандлигини таъминлашга кўмаклашиш фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Жазони ижро этиш муассасаларини маъмурияти жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган хотин-қизларни муаммоларини қуйидаги тартибда ўрганади:
- жазо муддатини ўтаётган хотин-қизларни мурожаатларни таҳлил қилиш орқали уларни қийнаб келаётган муаммоларини аниқлайди;
- жазо муддатини ўтаётган хотин-қизлар ўртасида сўровнома ўтказиш орқали уларни қийнаб келаётган муаммоларини аниқлайди;
- жазо муддатини ўтаётган хотин-қизларни мурожаатлар ҳамда сўровнома натижаларини таҳлил қилиш орқали аниқланган муаммоларини ҳал этишга кўмаклашади;
- жазони ижро этиш муассаса маъмурияти ваколатига кирмайдиган муаммоларини ҳал этиш мақсадида тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳал этиш чорасини кўради.
Пробация бўлинмалари ва Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ҳудудий бўлинмалари ходимлари пробация назоратидаги ҳамда жазо муддатини ўтаб бўлган хотин-қизлар муаммоларини қуйидаги тартибда ўрганади:
- ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспектори, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси (катта) инспектори ва пробация бўлинмалари инспектори биргаликда ёки алоҳида пробация назоратидаги хотин-қизлар ва жазо муддатини ўтаб бўлган хотин-қизлар билан суҳбат ўтказиб, қандай фаолият билан шуғулланиш ҳамда ишга жойлашиш ва турмушга мослашиши учун ёрдамга эҳтиёжини ва бошқа муаммолари борлигини аниқлайди;
- суҳбат жараёнида аниқланган муаммоларини ҳал этиш ҳамда ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чораларини кўради;
- ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва пробация бўлинмалари ваколатига кирмайдиган муаммоларини ҳал этиш мақсадида тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш чорасини кўради.















