“Ая, мен қачон мактабга бораман?”
Икки йил интиқ кутиб топган фарзандини еру кўкка ишонмайдиган Жумахол опа қизалоғининг бу дардга чалинишини хаёлининг кўчасига ҳам келтирмаган. Учинчи фарзанди туғилгунича шифохонада — қизининг олдидан жилмади. Фарзандини даволатиш учун ҳатто сотишга уйи ҳам йўқ.
“Етти йилдан бери ижарада турамиз. Уй-жойимиз йўқ. Отаси доимий ишда ишлай олмайди. Ревматизми бор. Фақат иссиқ кунлари ишга чиқади.
Кун-тун боламга термулиб ўйлайман фақат. Менинг болам ҳам мактабга чиқармикан, тенгдошларидек чопқиллаб юрармикан?..”, дейди онаизор ўкинч билан.
Бу йил боласи тенгилар мактабга чиққанини кўриб, аёлнинг юраги эзилади.
“Ая, мен қачон мактабга бораман, дейди. Уйда таълим оладиган бўлди. Бир ҳафтада икки кун. Лекин шунга ҳам чарчаб қоляпти.
Лабларигача оқариб, шишиб кетади. Икки курс даволатдик. Учинчисига қурбимиз етмай қолди. Ҳеч нарса емай қўйди. Бу касалликни душманимгаям раво кўрмайман”, дейди Жумахол опа кўз ёшларини артиб.
Фарангиз Абдуғаниевага оид маълумотлар:
Ҳумо: 9860 0803 0952 9461 онаси Жумахол Расулова номида
Манзил: Сирдарё вилояти, Мирзабод тумани, Наврўз маҳалласи, Тараққиёт кўчаси 2-уй.
“Кунлар совиса, юрагим безиллайди”
Қиш келиши кўпчилик оналарни ташвишга солади. Айниқса, болага иссиқ кийим, этик олиш керак, уйни иситиш керак... Лекин Сайёра опанинг хавотири бошқа нарсадан. У хаста қизалоғининг қийналишидан қўрқади.
“Кунлар совийверса юрагим безиллайди. Иммунитети паст, оғриб қолишидан қўрқаман. Икки марта ковид ўтказди. Ҳатто иссиқ ёзда ҳам шамоллади. Энг оғир ҳадик – даволаш самара бермай, илик кўчириш зарурати туғилгани бўлди. Бу жуда мураккаб операция экан ва катта маблағ керак бўларкан”.
Сайёра опанинг қизи Маликахон ҳам бу йил мактаб ёшига етди. Лекин асосий вақти шифохонада ўтаётган қизалоқ уй таълимини олишга ҳам улгурмаяпти.















