45 кун жазирама асфалтда боласининг тузалишини кутди...

Она-ку она, боласининг дарди оталарни ҳам йиқитади. Шоҳигул опа набирасининг хасталиги сабаб ўғли ҳам соғлиғини йўқотганидан юрак-бағри куйиб кетяпти.

“Боламнинг тўрт қиздан кейин тилаб-тилаб олган ўғли эди. Тинимсиз мазаси бўлавермагач шифокор анализ қилиб кўрди. Ўғлимга анализ жавобларини кўрсатиб, боланг оққон бўлиб қолибди, пешонанг шўр экан, буни тез Тошкентга олиб бор, деб айтди. Доктор ҳам йиғлаб юборди.

Ўшанда тунги 11 эди. Кечаси бўлишига қарамай болам йўлга тушди. Докторлар бу бўлмайди, қайтариб олиб кетаверинглар, дебди. Шу гапни эшитиб боламнинг миясига қон қуйилибди. Сарғайма, бошидан гематома орттириб олди болам шўрлик.

45 кун жазирама асфалтда боласининг тузалишини кутди. Қайт болажоним, деб ёлвордим. Она, болам бўлмаса менга ҳаёт керак эмас, деб бир қадам силжимади. Ҳовлисини, бор мол-ҳолини сотди. Худога шукур докторлар анча яхши қилиб беришди”, дейди ҳам набираси, ҳам боласига куйинаётган онаизор.

Жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлган ота, боласининг хасталигидан сўнг соғлиғини йўқотиб, ишлашга яроқсиз бўлиб қолади. Юсуфжон тузалиши учун эса ҳали бир неча даволаш босқичларини босиб ўтиши керак.   

Юсуфжон Эшпўлатовга оид маълумотлар:

UzCard: 8600 0602 5148 2114 бобоси Эшпўлат Саидов номида

Ҳумо: 9860 0825 2143 0775 бувиси Шоҳигул Султонова номида

Манзил: Қашқадарё вилояти, Касби тумани, Юксалиш маҳалласи, Учқун кўчаси 1-уй.

 “Сотишга уйимиз, бирор арзирли нарсамиз бўлса эди”

Аёлнинг жони қирқта бўлади, дейишади. Йўқчиликкаям, хасталиккаям чидайди. Эри билан елкама-елка рўзғор аравасини ҳам тортади. Аммо фарзанди хасталанса, қирқ жони ҳам узилиб кетгандек бўлади. Жайна опа ҳам шундай аёллардан бири.

“Эрим ҳам, ўзим ҳам ишсизман. Қизим касаллангунга қадар бозордан сут-қатиқ олиб келиб қўшниларимга сотиб кун кечирардим. Тўққиз йилдан бери ижарада турамиз. Қизимнинг мазаси бўлавермагач, шифохонага олиб бордик. Оғзи-бурнидан тинимсиз қон келаверди. Зудлик билан реанимацияга ётқизишди. Кейин Нукусга олиб боришимизни айтишди. Қўлимда 35 минг пулим қолган, нима қилишни билмайман. Қариндош-уруғ ёрдами билан қайнонам иккимиз қизимни Тошкентга олиб келадиган бўлдик. Поездга чиқарканмиз болам отасини қучоқлаб олган. Сиз кетмасангиз мен ҳам бормайман, деб йиғлайди. Отаси ҳам кўз ёшларини тия олмайди. Бирга келаман деса пулимиз йўқ, нима қилишни билмаймиз”, дейди Жайна опа ўкинч билан.