Республика перинатал маркази директори Нилуфар Ўринбоева бу борада ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
«Гормонал дори воситалари аёлларда кўпгина гинекологик касалликлар ва ҳайз цикли бузилишининг олдини олишда шифокор томонидан буюрилади. Фақат уларни қабул қилиш мутахассиснинг қатъий назорати ва кузатуви остида бўлиши зарур.
Чунки нотўғри ва палапартиш гормон терапиясидан фойдаланиш аёллар соғлигида жиддий асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Жумладан, бундай препаратларни ноўрин қўллаш хотин-қизларнинг тана вазни ошишига таъсир қилади. Қолаверса, юрак-қон томир хасталиклари ривожланиши хавфини оширади», — дейди мутахассис.
- Шунингдек:
- ошқозон-ичак тракти касалликлари;
- аллергик реакциялар;
- хавфли ва хавфсиз ўсмалар ривожланиши;
- асаб ва руҳий бузилишлар;
- танада суюқлик тўпланиши;
- тухумдонларда кисталар шаклланиши;
- темир танқислиги;
- тромбоз каби касалликлар ҳам айнан гормонларни ноўрин қўллаш оқибатида юзага келиши мумкин.
Бундан ташқари, танада липидлар алмашинуви бузилиши, жигар касаллиги, бачадон ҳамда вагинал қон кетиш, малигн неоплазм ҳолатларида аёллар учун гормонал терапия ўтказиш асло мумкин эмаслиги, бронхиал астма, эпилепсия, мигрен билан оғриган аёлларга эса бу муолажа эҳтиёткорлик билан буюрилиши лозимлиги қайд этилган.
«Энг асосийси, гормонал дорилардан бемор опа-сингилларимиз мустақил ёки яқинларининг маслаҳати билан фойдаланмаслиги зарур. Акс ҳолда, юқорида таъкидлаганимиздек, бу ҳолат тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.








