Курск губернатори бу суратни ўз телеграм-каналида жойлаштирган. Бироқ амбразура (туйнук) пулемётдан ўт очиш учун мўлжалланмаган - сошкани (тиргак) қўйишга жой қолдирилмаган. Фото: ROMAN STAROVOYT

Курск губернатори Роман Старовойт Украинанинг эҳтимолий босқинини тўхтатиш учун областда иккита чизиқда ҳарбий истеҳкомлар тикланаётгани ҳақида хабар берди.

«Ушбу ҳафтада Курск областининг икки қаторли мустаҳкамланган мудофаа чизиғини шахсий таркиб билан таъминлаш ва қуриш ишлари якунланди. Амалиёт Россия Мудофаа вазирлиги ва Курск области Чегара хизмати билан ҳамкорликда амалга оширилди. Учинчи қатор чизиғи 5 ноябргача тайёр бўлади. Биз ҳудудимизга уюштирилувчи ҳар қандай тажовузни қайтаришга тайёрмиз», – деб ёзади губернатор ўзининг телеграм-каналида.

Курск области ҳудудий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Михаил Горбунов 25 октябр куни областнинг чегара туманлари ва асосий магистрал йўлларига кириш устидан назорат кучайтирилгани, бошпаналарни, жумладан, ертўлаларни тозалаш бўйича фаол иш олиб борилаётганини маълум қилди.

«Курск областидаги бошпаналар 1,5 миллион кишини ҳимоя қилиши мумкин», – дейди Горбунов. У шунингдек аҳолини гавжум объектлар: банклар, почта бўлимлари, дўконлар яқинида бошпана ва хандақлар қуришга чақирган.

Белгород области губернатори Вячеслав Гладков ҳам темир-бетон блоклардан мудофаа иншоотлари қурилишини маълум қилди. Украинанинг босиб олинган Луҳанск областида ҳам худди шундай истеҳкомлар қурилган бўлиб, уларни сафида профессионал ёлланма аскарлар жанг қилаётган «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ва рус маҳбуслари (уларнинг кўпчилиги оғир ва айниқса ўта оғир зўравонлик жиноятлари содир этганликда айбланган, аммо Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашиш эвазига уларга озодлик ваъда қилинган) барпо қилганди.

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) асосчиси, тадбиркор ва Владимир Путиннинг яқин дўсти Евгений Пригожин 19 октябр куни Белгород областидаги мудофаа иншоотлари қурилишига ХҲК ходими, Россия қаҳрамони Андрей Богатов раҳбарлик қилаётганини айтди.

Унинг қўшимча қилишича, областда ХҲК инструкторлари томонидан ўқитилувчи «халқ милицияси» ҳам тузилади.

Бу бетон тўсиқлар Белгород области ҳудудида пайдо бўлган. Лекин бундай очиқ ҳолатдаги тўсиқлар танклар учун катта муаммо туғдирмайди