«Бухоро» спорт мажмуасига мухлислар оқими 3-4 соат аввал бошланиб, финал бошлангунга қадар 22 мингдан ортиқ томошабинга мўлжалланган аренада 18 мингга яқин томошабин тўпланди.

Учрашув икки томоннинг эҳтиёткор ҳаракатлари билан бошланган бўлса-да, Рўзиқул Бердиев мураббийлигидаги жамоа дастлабки дақиқалардан ўйиндаги устунликни ўз қўлига олишга интилди. 29-дақиқага келиб стадион ларзага келди. Марко Станоевичнинг узатмасини Акмал Мозговой дарвозага йўллаб, ҳисобни очди – 1:0.

Иккинчи бўлимнинг 57-дақиқасида эса Зоран Марушичнинг ажойиб узатмасини Дониёр Абдуманнопов қаршиликлар дарвозасига йўллаб, ҳисобдаги мувозанатни тиклади – 1:1.

Иккинчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларида воҳаликлар ҳужумкорликни оширган бўлишса-да, водий клуби ҳимояда бехато ўйнаб, баҳснинг 120 дақиқа давом этишини таъминлади.

Экстра-таймларнинг биринчисида эса қаршиликлар форварди Лима Круз 100-дақиқада стадионни ларзага келтириб, жамоасини яна ҳисобда олдинга олиб чиқди – 2:1.

Шу тариқа, ушбу гол «Насаф»га Ўзбекистон кубогида ғолибликни келтирди. Рўзиқул Бердиев жамоаси ўтган йил Самарқанддаги кубок финалидан кейин Бухорода кетма-кет иккинчи кубок эгасига айланди. 

30 октябрь (якшанба)
Ўзбекистон кубоги. Финал 
«Навбаҳор» – «Насаф» 1:2
Голлар:Дониёр Абдуманнопов 57 - Акмал Мозговой 29, Лима Круз 100.