Ўзбекистон | 14:06 / 01.11.2022
19900
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган фуқаро шифохонада вафот этди

Марҳум маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар сақланадиган махсус қамоқхонада руҳий ҳолати ёмонлашиб йиқилган ва ўшанда боши билан деворга урилган.

Видеодан кадр

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман судининг 2022 йил 25 октябрдаги қарори билан бир йил давомида алимент тўлашдан бўйин товлаб келган фуқарога МЖтКнинг 47-4-моддаси 1-қисми билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ўша куни фуқаро маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонага олиб борилган.

Махсус қабулхонада фуқаро руҳий ҳолати ёмонлашиши (тутқаноғи тутиб қолган) натижасида йиқилиб, бош қисми хона ичидаги девор бурчагига урилиб, тан жароҳати олган.

Фуқаро билан бир хонада сақланаётганлар, шунингдек махсус қабулхона ходимлари унга зудлик билан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатган. Сўнг фуқаро РШТЁИМ Самарқанд филиалига олиб борилиб, унга тиббий ёрдам кўрсатилган.

Махсус қабулхонага келтирилгандан сўнг ҳам фуқаро хона ичида ўзига-ўзи гапириб, руҳиятида бузилиш бўлгани сабабли, махсус қабулхона бошлиғи хатига асосан унинг руҳий ҳолатини текшириш учун вилоят руҳий касалликлар шифохонасига юборилган.

2022 йил 28 октябр куни Ургут тумани Ҳалқобод маҳалласида жойлашган вилоят руҳий касалликлар шифохонасида фуқаро вафот этган. Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, ҳозирда марҳумнинг ўлими сабабига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси, ИИБ ходимлари ва шифокорларнинг ҳаракатлари юзасидан хизмат текширувлари тайинланган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид