А гуруҳи

«Наполи» мавсумда илк бор ютқазди - жамоа охирги бор апрелда мағлуб бўлган

Ливерпул — Наполи 2:0
Голлар: Салоҳ (85), Нуньес (90+8).
Ливерпул – Алиссон, Александер-Арнолд (Рэмзи, 87), ван Дейк, Конате, Цимикас, Милнер (Эллиотт, 48), Тиаго (Байчетич, 87), Фабиньо, Жонс (Нуньес, 73), Фирмино (Карвалью, 87), Салоҳ. 
Наполи – Мерет, Ди Лоренцо, Эстигор, Ким, Оливера, Лоботка (Зелиньски, 83), Замбо-Ангисса, Ндомбеле (Распадори, 87), Политано (Лосано, 70), Осимҳен (Симеоне, 87), Кварацхелия (Элмаз, 83).
Огоҳлантиришлар: Конате (36), Александер-Арнолд (73), Нуньес (90).

Бу жамоалар орасида 1-тур доирасида ўтказилган ўйин нафақат гуруҳ босқичидаги энг ёрқин ўйинлардан бири, балки гуруҳ ғолиблиги масаласини ҳал қилган  ўйин бўлганди. Ўшанда сентябр эди ва ўшанда Юрген Клопп жамоасидаги инқироз кўлами ҳам, неаполликларнинг ҳақиқий кучи ҳам ҳали бўй кўрсатмаганди.

Ўшандаги 4:1 ҳисоби бутун куз ритмини белгилаб берди. Агар ўшанда «Ливерпул» ўйиннинг фаворити сифатида қаралган бўлса, ҳозир бу жамоалар камида тенг кучли жамоалар сифатида баҳоланди. Бу ҳам бўлса ўйин «Энфилд»да ўтгани учун.

«Наполи» бу ўйинга барча турнирлар доирасидаги 13 ғалабадан иборат серия билан ташриф буюрди ва бунда Хвича Кварацхелиянинг ҳам хизматлари беқиёс. Грузин ҳавбеки Неаполдаги энг севимли футболчига айланмоқда, у шу вақтга қадар барча турнирлар доирасида саккиз гол уриб, саккиз голга узатма берган. Тезлик — фантастик даражада: Италиядаги илк мавсуми стартида Криштиану Роналду, Гонсало Игуаин, Златан Ибраҳимович ва Ромелу Лукаку каби катта футболчилар бундай статистикага эришиш учун кўпроқ ўйин ўтказишганди.

1-турда «Ливерпул»га қарши ўйинда Хвича порлаган ва «Энфилд»да ҳам ундан кўп нарса кутилди. Ҳолбуки Лучано Спаллетти ўз юлдузини эҳтиётлаши ҳам мумкин эди: «Наполи» йирик ҳисобда ютқазмаслиги биринчи ўринни кафолатлаш учун етарли, бу эса мураббийлар штабига етакчиларни захирада қолдириш ҳуқуқини беради. Қолаверса, «Наполи» шанба куни ўзининг асосий таъқибчиси — «Аталанта» меҳмони бўлади. Аммо амалда асосий таркиб майдонга тушди: Кварацхелия ҳам, Осимҳен ҳам, Замбо-Ангисса ва Мерет ҳам. Асосий таркиб футболчиларидан фақат Зелиньски ва Распадори захирада қолдирилди.

Клопп, албатта, жанговар таркибни қўйди. «Ливерпул»да олдинда неаполликларникидан ҳам муҳимроқ ўйин кутмоқда — «Тоттенҳэм»га қарши ўйин, аммо германиялик мутахассисдан «Ноттингҳем Форест» ва «Лидс»га қарши уятли мағлубиятлардан кейин жамоани имкон қадар тезроқ ҳаётга қайтариш талаб этиларди.