Жаҳон | 08:11 / 02.11.2022
19628
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Россиянинг қишга умид боғлаши - бутун Европа учун чақириқ

Украина президенти Володимир Зеленский кечки видеомурожаатида маълум қилишича, Россия энергетика иншоотларига уюштирилган оммавий зарбалар нуқтайи назаридан Украинага келаётган қишда таҳдид соладиган қийинчиликларга умид боғламоқда. 

Фото: AP

«Ушбу чақириқ бутун Европа учун чақириқ сифатида кўрилиши керак», деди у. 

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Москва Украинадаги ҳар қандай қишки қийинчиликларни «бирлашган Европа муваффақиятсизлигининг исботи сифатида» тақдим этади.

Декабрь ойида Францияда қишда Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича конференция бўлиб ўтади, дея қўшимча қилди Украина давлати раҳбари.

Володимир Зеленский Франция президенти Эммануэл Макрон билан телефон орқали суҳбатда бу ҳақда келишиб олганини тушунтирди.

Бундан олдин октябрь ойида Евроҳудудда истеъмол нархлари 10,7 фоизга ошганди. Бу ҳақда Евростат маълумотларнинг биринчи баҳосига таяниб хабар қилди. Болтиқбўйи мамлакатларида инфляция тахминан 22 фоизни ташкил этди.

Дастлабки маълумотларга кўра, евроҳудудда истеъмол нархлари октябр ойида 2021 йилнинг шу ойига нисбатан 10,7 фоизга ошган. Шу тариқа, инфляция даражаси янги тарихий максимал даражага етди ва 1999 йилда евро жорий этилганидан бери биринчи марта ўн фоизлик белгидан ошиб кетди, деб хабар берди Люксембургдаги Европа статистика бошқармаси (Евростат) 31 октябр, душанба куни олинган маълумотларга таяниб.

Ўтган ойда бўлгани каби, октябр ойида ҳам энергия ташувчилар нархлари айниқса кучли ошди – 41,9 фоизга. Озиқ-овқат маҳсулотлари 13,1 фоизга қимматлашди. 

Октябрь ойида инфляция даражаси Болтиқбўйи мамлакатларида бошқа еврозона давлатларидан юқори бўлиб, уларнинг ҳар бирида тахминан 22 фоизни ташкил этди. Бундан ташқари, энг юқори кўрсаткич Нидерландияда қайд этилган - деярли 17 фоиз. Франция (7,1 фоиз) ва Испанияда (7,3 фоиз) бошқа мамлакатларга нисбатан истеъмол нархлари ўртача даражада ошди. Германияда, Евростат маълумотларига кўра, октябрь ойида инфляция 11,6 фоизни ташкил этди. 

Мавзуга оид