08:52 / 03.11.2022
6476

Шимолий Корея яна баллистик ракеталар учирди

Япония ҳукумати мамлакатнинг марказий қисми аҳолисидан иложи бўлса, бошпаналарда қолишни сўраган. Бир кун аввал Пхенян Япон денгизи томон 20 дан ортиқ ракета учирди.

Фото: Reuters

Шимолий Корея 3 ноябрь, пайшанба куни бир нечта баллистик ракеталарни учирди. Ушбу парвозлар муносабати билан Япония ҳукумати мамлакатнинг марказий қисми аҳолисидан иложи бўлса, бошпаналарда қолишни сўради, деб хабар бермоқда Reuters. Дастлабки маълумотларга кўра, КХДР учта ракетани учирди. Улардан бири узоқ масофали бўлиши мумкин, деб хабар берди Жанубий Кореянинг Ёнҳап ахборот агентлиги. Бу ракета Япониядан 1100 километр шарқда, Тинч океанига тушди, деб ёзади FNN телеканали ҳукуматдаги манбаларга таяниб.

Октябрь ойи бошида Шимолий Корея томонидан учирилган ракета беш йил ичида биринчи марта Япония узра учиб ўтган эди. 2 ноябрь, чоршанба куни Пхенян ҳукумати Япон денгизига камида 23 та ракета учирди. Улардан бири ҳақиқий денгиз чегарасини кесиб ўтиб, Жанубий Кореянинг ҳудудий сувлари яқинидаги қирғоққа тушган. Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл буни «ҳудудий босқинчилик» деб атади. АҚШ маъмурияти Шимолий Кореянинг ҳаракатларини «ўйламай қилинган иш» деб атади.

Октябрь ойи ўрталарида КХДР қисқа масофага мўлжалланган ракета учирилиши билан бирга, Жанубий Корея чегараси яқинида ракеталар машғулотини ўтказди. Жанговар самолётлар денгиз томон қарийб 170 та ракета учирди.

Корея яриморолидаги кескинликнинг янги кучайиши фонида Жанубий Корея сўнгги беш йил ичида биринчи марта Пхенянга қарши санкциялар жорий қилди. Қора рўйхатга Шимолий Кореянинг ракета дастурига алоқадор 15 киши ва КХДРнинг 16 та муассасаси киритилган.

Октябр охирида Жанубий Корея ва АҚШ Шимолий Кореянинг ракета учиришига жавобан Корея яримороли узра қўшма ҳаво машқларини бошлади. Манёврларда 240 та жанговар самолётлар, жумладан, илғор F-35 яширин қирувчи-бомбардимончи учоқлари иштирок этяпти.

Top