Урушнинг 252-кунидаги асосий маълумотлар:

  • Россия Украина Қора денгиздаги портлар орқали озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорига экспорт қилишини таъминлайдиган «ғалла келишуви»га қайтганини маълум қилди. Россия бу келишувдаги иштирокини Қора денгиз флоти кемаларига дронлар орқали ҳужум қилингани сабаб 30 октябр куни тўхтатганди, аммо энди Украинадан хавфсизлик йўлаги ҳарбий ҳаракатлар учун фойдаланилмаслиги борасида кафолат олганини билдирди.
  • Польша Калининград области билан чегарада икки ярим метрлик тўсиқ қуришга киришди.
  • Россия ФХХ Қримда Украина махсус хизматлари диверсиясининг олди олинганини маълум қилди.
  • Чувашияда 100 дан ортиқ сафарбар қилинганлар Ульяновскдаги ўқув марказида тўловлар йўқлигидан норози бўлиб исён қилишди.
  • РФ вице-премьери Марат Хуснуллин 8 октябр кунги портлаш оқибатида шикастланган Қрим кўпригини тиклаш ишлари декабрда якунланишини ваъда қилди.
  • New York Times газетаси хабар беришича, Россия генераллари Украинага қарши тактик ядро қуроли қўллаш имкониятларини муҳокама қилган. Бу маълумотни Оқ уй вакили ҳам тасдиқлади.
  • Бу вақтда Россия ТИВ «ядро урушининг олдини олиш лозимлиги» тўғрисида баёнот берди, унда Россия ядро доктринаси фақат мудофаавий характерга экани айтилиб, буни ўзгача талқин қилишга йўл қўйилмаслигига ваъда берилган. Россия ядро қуролини фақат оммавий қирғин қуролларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган тажовузга жавобан қўллаши мумкинлиги айтилган. 
  • Украина манбалари таъкидлашича, Россия қўшини Запорижжя АЭСнинг ишлатилган ядро ёнилғиси сақланадиган ҳудудида номаълум объект қурмоқда ва у ерга станция ходимлари киришига рухсат берилмаяпти.

Қуйида 2 ноябр куни Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Святигорскда вайрон қилинган монастир

Святогорск — Донецк области шимолидаги шаҳар. Россия қўшинлари уни июн ойи бошида эгаллаб олганди, сентябр ойида эса Святогорск Украина армияси томонидан озод этилди. Россияликлар шаҳарни эгаллаган бўлса-да, Шимолий Дон дарёсининг нариги соҳилида жойлашган Святогорская лаври ибодатхоналар мажмуи Украина қуролли кучлари назоратида қолганди. Россиялик ҳарбийлар бу ҳудудни бир неча бор ўққа тутишган, 7 май кунги зарбалар оқибатида Святогорск яқинидаги Долина қишлоғида жойлашган Авлия Георгиевский монастири вайрон этилганди.