Ўзбекистон | 18:43 / 04.11.2022
15235
3 дақиқада ўқилади

“Атом энергиясига оид режаларимиздан воз кечмаймиз” — вазир ўринбосари

“Биз атом энергиясига оид режаларимиздан воз кечмаймиз. Мунозарали масалаларга тўхталмоқчи эмасман, бу – мамлакатимизда яратилаётган энергиянинг янги тури ва [биз учун] умуман янги усул, биз барча энергия имкониятларидан фойдаламоқчимиз”, – дея иқтисодий форумда берилган саволга жавоб берди энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмадхўжаев.

Фото: Uzbekistan Economic Forum

Ўзбекистон иқтисодий форуми доирасида энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмадхўжаевга атом электр станциясини қуриш яшил иқтисодиётга ўтиш мақсадларини кечиктирмайдими, деган маънода савол берилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Аҳмадхўжаевнинг сўзларига кўра, Энергетика вазирлиги мавжуд барча имкониятлардан фойдаланиш зарур деб ҳисоблайди.

“Биз унинг оқибатлари қай даражада бўлишини билишимиз керак. Атом энергиясининг иқтисодиётимизга таъсирини ўрганишни бошладик. Биз атом энергиясига оид режаларимиздан воз кечмаймиз. Мунозарали масалаларга тўхталмоқчи эмасман, бу мамлакатимизда яратилаётган энергиянинг янги тури ва умуман янги усул, биз барча энергия имкониятларидан фойдаламоқчимиз.

Шу билан бирга, биз ўтишни хоҳлаётган яшил иқтисодиёт учун халқаро стандартларга эга бўлишни хоҳлаймиз. Биз ҳамкорларимиз билан қайта тикланадиган энергия бўйича кўп ишларни бошладик, янги қувватларга эга бўлиш билан бир қаторда яна кўплаб ишлар қилиниши керак”, – деди Азим Аҳмадхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил декабрда Россия ва Ўзбекистон ҳуқуматлари атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича келишув имзолаган. Ўзбекистонда қуриладиган биринчи АЭСнинг қиймати 2018 йилда тахминан 11 млрд долларга баҳоланган эди.

Станция умумий қуввати 2,4 гигаватт бўлган иккита энергоблокдан иборат бўлиши, у Жиззах вилоятида қурилиши режа қилинган. “Ўзатом” ва “Росатом” АЭС қурилиш майдонида инженерлик ишларини бажариш бўйича шартнома имзолаган.

“Росатом” 2020 йил бошидаёқ Ўзбекистонда АЭС қуришни бошлаб, биринчи блокни 2028 йилда ишга туширмоқчи эди. Бу борадаги якуний шартнома ҳали имзоланмаган. 2020 йил охирида Россия томони шартнома лойиҳаси деярли тайёрлиги, “фақат техник жиҳатлар” қолганини билдирган, Ўзбекистон томони эса шартнома тайёрлигини рад этиб, музокараларда миллий манфаатлар ҳимоя қилинаётганини маълум қилганди.

2022 йил октябр ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга ташрифи чоғида эришилган келишувга асосан, қурилажак АЭСда Венгриянинг совитиш тизимларидан фойдаланилиши белгиланди.

Мавзуга оид