Жаҳон | 08:05 / 04.11.2022
18482
2 дақиқада ўқилади

Швейцария Германияга Gepard учун снарядларни Киевга етказиб беришни тақиқлади

Берннинг таъкидлашича, Швейцария қонунлари қуролли тўқнашувлар бўлган мамлакатларга қурол етказиб беришни тақиқлайди. Украина немис Gepard қурилмалари учун снарядларнинг кескин танқислигини бошдан кечирмоқда.

Фото: Hans-Hermann Bühling/Wikimedia Commons

Германияга Украинага Гепард ўзиюрар зенит қурилмалари (ЎЗҚ)учун Швейцарияда ишлаб чиқарилган снарядларни етказиб беришга рухсат берилмади. Швейцариянинг бетарафлик сиёсати Германиянинг ушбу ўқ-дориларни Украинага реэкспорт қилиш талабига йўл қўймайди, дейилади 3 ноябрь, пайшанба куни Швейцария иқтисодиёт вазири Ги Пармелиннинг Германия мудофаа вазири Кристин Ламбрехтга йўллаган мактубида. Хабарда тушунтирилишича, Швейцария қонунлари қуролли тўқнашувлар бўлаётган мамлакатларга қурол экспорт қилишни тақиқлайди.

Ёз бошида Германия Берн ҳукуматидан Gepard ЎЗҚ учун Украинага 12 400 снарядни реэкспорт қилиш учун рухсат сўради. Шундан сўнг Швейцария ўзининг бетарафлигини айтиб, бу сўровни рад этди. 31 октябрь куни Ламбрехт Бернга янги сўров юборгани маълум бўлди. Шу билан бирга, немис оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, у Украинадаги дон экспорти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган муҳим инфратузилма ва денгиз портларини ҳимоя қилиш зарурлигига ишора қилган.

Gepard ЎЗҚ Германия Украинага топширишни ваъда қилган оғир қуролларнинг биринчи тури бўлди. Сентябрь ойининг охирига келиб, Украинага ваъда қилинган барча 30 та зенит қурилмалари Киевга етказилди. Шу билан бирга, муаммолар бошиданоқ Gepard учун ўқ-дорилар билан боғлиқ эди.

Дастлаб, Украинага 60 минг снаряд топширилди, аммо Украина қўшинлари ўқ-дориларни сарфлашининг юқори тезлиги ҳисобга олинса, бу етарли бўлмади. Кристин Ламбрехт Бернга ёзган сўнгги мактубида Россиянинг қанотли ракеталари ва дронларига қарши Gepard'нинг интенсив қўлланилиши туфайли Украинада снарядларнинг кескин танқислиги юзага келганига ишора қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид