10:03 / 07.11.2022
7385

Ўзбекистонда йил охиригача 4,8 млрд долларлик қарийб 3,5 мингта лойиҳани ишга тушириш режалаштириляпти

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев бошчилигида инвестициявий ва экспорт фаолиятининг бугунги ҳолати ва уни рағбатлантириш бўйича келгуси чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган видеоконференция тарзида йиғилиш бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Экспорт фаолияти жорий кўрсаткичлари кўриб чиқилди. Кўрсаткичлар ўтган йил шу даврига нисбатан 129 фоизга ошган бўлса-да, ҳудудлар ва тармоқлар бўйича олиб борилган танқидий таҳлиллар қатор камчиликларни кўрсатди. Тадбиркорлар ва экспортёрларни қўллаб-қувватлаш, улар муаммоларини ҳал этишда ёрдам бериш борасидаги ишлар қониқарсиз экани инобатга олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмалари, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбарлари фаолияти танқид қилинди.

Инвестиция фаолияти доирасида эришилган натижаларга тўхталиб ўтилди. Жорий йил январь-октябрь ойларида давлат инвестиция дастури доирасида 8,2 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди, 3,2 миллиард долларлик 91 та йирик лойиҳа фойдаланишга топширилди, 14,8 мингта янги иш ўрни яратилди. 

Бироқ, ижобий фактлар фонида масъулиятсизлик ҳолатлари учраб турмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзсувтаъминот”, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ҳудудий электр тармоқлари” ва бир қатор вазирликлар тегишли раҳбарлари жалб қилинган хорижий инвестициялар ва халқаро молия институтлари маблағларини ўз вақтида ўзлаштириш бўйича эришган натижалари қониқарсиз деб топилди.

Ҳар бир инвестиция лойиҳаси амалга оширилишини мониторинг қилиш, инвестицияларни ўзлаштиришда кечикишларга йўл қўймаслик муҳимлиги таъкидланди. Жорий йил охиригача умумий қиймати 4,8 миллиард долларлик 3466 та лойиҳани ишга тушириш ва 127,9 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Тижорат банклари томонидан истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, улар ташаббускорларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Йиғилиш якунида белгиланган вазифалар ижроси учун ҳар бир раҳбар шахсий масъулияти алоҳида таъкидланди. Улар ўз вақтида бажарилиши устидан назорат Бош прокуратура томонидан амалга оширилади.

Top