Ўзбекистон | 13:18 / 08.11.2022
10733
2 дақиқада ўқилади

«Энг намунали ўқувчи» стипендияси жорий этилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдукамол Раҳмонов ўзи туғилиб ўсган Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани Бурган қишлоғидаги 73-105-умумтаълим мактабларида аъло баҳоларга ўқиши ва истеъдоди билан ўрнак бўлаётган ўқувчиларга ўз ҳисобидан стипендия жорий қилган эди.

Мазкур таълим масканларида ўқитувчилар ҳайъатининг хулосалари билан чорак якунига кўра, ҳар иккала мактабда «Энг намунали ўқувчи» стипендияси ғолиблари аниқланди.

Абдукамол Раҳмоновнинг сўзларига кўра, ушбу стипендия ўқувчиларни илҳомлантириш ва рағбатлантириш мақсадида йўлга қўйилган. Кичкинагина эътибор ёшларни китоб мутолаасига, илм олишга, изланишга бўлган қизиқишини, интилишини янада ошириш учун хизмат қилади.

Маълумот учун, мазкур стипендияни шоир Абдукамол Раҳмонов шахсий пенсия маблағлари ҳисобидан жорий қилган бўлиб, 2022 йил сентябрь ойидан бошлаб, ҳар чоракда доимий равишда бериб борилади.

Ҳар чорак якунлари бўйича юқорида номлари келтирилган икки мактабдан 2 нафар (жами 4 нафар) ўқувчига, йил якунлари бўйича эса ҳар иккала мактабдан 1 нафар (жами 2 нафар) ўқувчига мунтазам бериб борилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид