Жаҳон | 14:54 / 10.11.2022
7852
3 дақиқада ўқилади

АҚШда оралиқ сайловлар бўйича овозларни санаш давом этяпти

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасига сайловларда овозларни санаб чиқишда республикачилар демократлардан устунликни сақлаб турибди.

Фото: CNN

АҚШда 10 ноябрь, пайшанбага ўтар кечаси оралиқ сайловларда берилган овозларни санаш давом этмоқда. CNN телекомпанияси маълумотларига кўра, Конгрессда Республикачилар партияси вакиллари Демократик партиядан бўлган рақиблардан бироз устунликни сақлаб қолган.

Хусусан, Сенатга сайловларда республикачилар ҳозирча 49 ўринга, демократлар эса 48 ўринга эга. Вакиллар палатасига сайловларда Республикачилар партиясининг Демократик партиядан устунлиги яққол кўзга ташланяпти – 191 ўринга қарши 209 ўрин. Америка қонун чиқарувчи органи қуйи палатасида кўпчиликни қўлга киритиш учун 218 та ўрин керак. Сенатдаги кўпчилик учун эса 51 ўрин олиш керак.

Шу билан бирга, ABC медиакомпанияси маълумотлари Сенатдаги иккала сиёсий кучнинг тенглиги (ҳар бири 48 ўрин) ва Вакиллар палатасида камроқ сезиларли бўшлиқ (Республикачилар учун 211 ўрин ва Демократлар учун 197 ўрин)дан далолат беряпти.

АҚШнинг турли штатларидаги губернаторлик сайловларида демократлар ҳозирча 22 ўрин, республикачилар эса 24 ўринни олди, дея қайд этади ABC. Хабар эълон қилинган вақтда ҳали ҳамма овозлар ҳисоблаб чиқилмаган. 

Бундан ташқари, 6 декабрь куни Жоржия штатида АҚШ Сенатига сайловнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтади. Бу ҳақда 9 ноябрь, чоршанба куни Жоржия давлат котиби Бред Раффенспергер маълум қилди. 

Биринчи овоз бериш жараёнида ҳеч бир номзод ушбу штатда ғалаба қозониш учун зарур бўлган овозларнинг ярмидан кўпини ололмади. Жоржиядаги сайловлар Сенатдаги кўпчилик ўрин учун курашда асосий омилга айланиши мумкин. 

АҚШда оралиқ сайловлар 8 ноябрь куни бўлиб ўтди. Унда Вакиллар палатасининг бутун таркиби (435 ўрин) ва Сенатнинг учдан бир қисми (юздан 35 ўрин) қайта сайланади. Бундан ташқари, 36 штатда янги губернаторлар сайланяпти. 

Ҳар икки палатада демократларнинг кўпчилик ўринни йўқотиши АҚШнинг амалдаги президенти Жозеф Байден учун қийинчиликлар туғдиради, чунки республикачилар унинг Конгрессдаги кун тартибига тўсқинлик қила олади. Бундан ташқари, Байденнинг Оқ уй раҳбари сифатидаги ўтмишдоши Доналд Трамп, кузатувчиларга кўра, Республикачилар партиясидаги сафдошларининг муваффақиятидан фойдаланиб, яқин келажакда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари учун ўз номзодини эълон қилиши мумкин. 

Мавзуга оид