2023 йилдан бошлаб тадбиркорлар замонавий технологияларга асосланган янги маҳсулот ва хизматларни ёки бошқа интеллектуал фаолият натижаларини синовдан ўтказиб кўриши мумкин бўлади. Янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнида айрим қонунчилик нормаларига амал қилмасликка рухсат берилади. Kun.uz “қумдон” қандай ишлашини тушунтиради.

Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштиришга оид президент фармонига биноан, 2023 йил 1 январдан “тартибга солиш қумдони” ишга тушади.

Хўш, тартибга солиш қумдони нима?

Ўзбекистонда бундай қумдонни биринчи бўлиб (2022 йилнинг августида) Марказий банк жорий қилди. Регуляторнинг молиявий хизматлар қумдони – янги молиявий хизматларни жорий қилиш учун синовдан ўтказишни тартибга солувчи ҳуқуқий режим.  

Масалан, бирор ташаббускор янги молиявий хизматни йўлга қўймоқчи бўлса ва қонунчиликда унга оид норма бўлмаса, ҳуқуқий тартибга солинмаган ёки ноаниқликлар мавжуд бўлса, ташаббускорлар шу тизимдан фойдаланган ҳолда, янги хизматни синовдан ўтказиши мумкин бўлади.

Синовдан муваффақиятли ўтган хизматларга доир норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилиши мумкин.

Нега энди “қумдон”?

Буюк Британияда жорий қилинган бу тизим (regulatory sandbox)да болалар ўйнайдиган қумли майдонча рамз қилиб олинган бўлиб, тизим янги молиявий хизматларни синовдан ўтказиш учун синов майдончасини яратиб беришни назарда тутади.

Тадбиркорлар учун “қумдон” нимани англатади?

Президент фармонида назарда тутилган товар ва хизматлар “қумдон”ида ҳам экспериментлар ўтказиш ва унинг натижаларига кўра қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилиши мумкин.

Тадбиркорлик субъектлари қумдонда нималарни синовдан ўтказади?

Қумдонда тадбиркорлик субъектларининг замонавий технологияларга асосланган янги маҳсулот ва хизматларни ёки бошқа интеллектуал фаолият натижаларини синовдан ўтказиши мумкин. Аммо экспериментлар назорат қилинадиган чекланган муҳитда амалга оширилади. Яъни эксперимент муддати ва қаерда ўтказилиши аниқ белгилаб олинади.