Тадбирда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Раҳматилла Нуримбетов кўлами ва аҳамияти жиҳатдан муҳим бўлган ушбу халқаро тадбир кун тартибидаги масалаларга батафсил тўхталди.

Саммит кун тартибидан савдо алоқаларини ривожлантириш, транспорт, божхона хизматларига доир жараёнларни соддалаштириш, қўшимча транспорт коридорларини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар ўрин олган. Қатор ҳужжатлар, жумладан, транспорт соҳасидаги боғлиқлик бўйича ҳамда Ташкилот ички тузилмасини  мукаммаллаштиришга оид ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Қабул қилиниши кутилаётган Самарқанд декларацияси саммит асосий ҳужжати бўлади.

Саммитнинг Ўзбекистон учун яна бир муҳим жиҳати - мамлакат форумда ушбу ташкилотга раисликни қабул қилиб олади. Бу Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсатини янада фаол ҳамда самарали олиб бориш учун алоҳида аҳамият касб этади.

Туркий давлатлар ташкилоти таркибини Ўзбекистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия ташкил қилади, Туркманистон ва Венгрия кузатувчи давлат мақомига эга.