Кўп миқдорда синтетик наркотик билан қўлга тушган 24 яшар талаба ва 28 яшар аёл 5 йилга қамалди
Тезкор тадбир пайтида қўлга тушган аёлларнинг ёнидан 16 та флаконда “Тропикамид”, 2 дона елим флаконда рангсиз суюқ модда, 140 дона “Регапен” топилган.
Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда 2022 йил 5 январь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида 1998 йилда туғилган талаба қиз ва 1994 йилда туғилган аёлнинг яшаш хонадони кўздан кечирилган. Текширув пайтида хонадонда сақлаб келинаётган 16 дона флаконда “Тропикамид” номли, 140 дона “Регапен” номли дори воситалари, 2 дона елим фалконда рангсиз суюқ модда ҳамда 31 дона “Тропикамид” ёзувли бўш флакон мавжудлиги аниқланган.
Шундан сўнг ҳар иккала аёл кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш жиноятини содир этишда айбланиб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Суд-кимёвий экспертизаси гумонланувчиларнинг ёнида топилган моддалар прегабалин, тропикамид моддалари экани ва улар “Ўзбекситон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисидаги” 818-сонли ҳукумат қарорида кўрсатиб ўтилган кучли таъсир қилувчи моддалар туркумига киришини тасдиқлаган.
“Авиация йўналишида бўйича олий таълим оламан. Ота-онам бу йўлга кириб қолганимни билмайди. Жароҳат олганим таъсирида бурним бир неча йиллардан бери битиб қоларди. Кейин шуни сепиб кўрса очила деб эшитдим. Шу пайтгача 5-6 марта ишлатганман. Қилган ишимдан пушаймонман. Бошқа бу моддаларни қабул қилмасликка сўз бераман. Бир марта имконият беришингизни сўрайман”, дейди судда 24 яшар талаба қиз.
“Эрим билан ажрашганман. Дориларни кўчадан, қўлдан, ўзимиз истеъмол қилишимиз учун олганмиз. Фарзандимдан айрилганимдан сўнг шунга боғланиб қолганман. Ота-онам яқин-яқингача билмасди. Қўлга олинганимдан кейин шу йўлга кириб қолганимни билишди”, дейди 28 яшар судланувчи аёл.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди ҳукмига кўра, ЖКнинг 251-1-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган судланувчилар 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Мавзуга оид
11:34
Тошкентда ўқувчилар орасида синтетик наркотик истеъмол қилиш кўпаяётгани айтилди
14:10 / 21.10.2024
Мексика ҲДК саккиз тоннадан ортиқ наркотикни мусодара қилди
12:21 / 11.10.2024
ДХХ Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келтирилган наркотик моддаларни мусодара қилди
15:30 / 25.09.2024