Тадбирда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Туркманистон Миллий кенгаши Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибига мувофиқ, давлат раҳбарлари сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Ўзаро боғлиқликни кучайтириш, туризм, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Ҳудудлар ўртасида фан ва таълим, технологиялар ва инновациялар борасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида тинчлик ва дўстлик рамзи, фан ва маърифат маркази бўлмиш Самарқанд шаҳрини “Туркий цивилизация пойтахти” деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватлангани учун саммит иштирокчиларига миннатдорлик билдирди.
– Қадим туркий замин минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарбни туташтириб, жаҳон цивилизацияларини бир-бирига яқинлаштириб, дунё маданиятларини бойитиб келган. Биз Туркий дунё буюк тарихининг ёрқин саҳифалари улуғ аждодларимиз томонидан биргаликда яратилгани билан ҳақли равишда фахрланамиз, - деди Ўзбекистон етакчиси.

Геосиёсий зиддиятлар, глобал иқтисодий инқироз ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари ортиб бораётган шароитда энг долзарб муаммолар ечими бўйича давлатларимиз умумий ёндашувларни белгилаб олиши, саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириши ниҳоятда муҳимдир.
Ўзбекистон раҳбари Ташкилот фаолиятининг чуқур таҳлили асосида туркий мамлакатларнинг улкан салоҳияти ва имкониятларини ишга солишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик асосларини мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.
– Мамлакатларимиз ўзаро товар айланмаси умумий ташқи савдомизнинг атиги 4 фоизини ташкил этади. Унинг қолгани эса учинчи давлатлар улушига тўғри келмоқда. Албатта, бундай ҳолат ҳеч биримизни қониқтирмайди, - дея таъкидлади президент.
Бу стратегик йўналишда вазиятни тубдан ўзгартириш, савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш учун ташкилот доирасида “Янги иқтисодий имкониятлар ҳудудини”ни барпо этиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу мақсадга эришиш учун давлат раҳбари ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форумни ўтказишни таклиф этди. Форум доирасида “давлат ва бизнес” форматида қўшма тадбирлар, тадбиркорлар учрашувлари ва давра суҳбатлари, инновацион лойиҳалар тақдимотлари ва кўргазмаларни ўтказиш катта амалий натижа беради. Ушбу тадбирлар якунлари бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилган йиллик “Йўл хариталари” қабул қилиниши муҳим аҳамиятга эга бўлади.








