18:46 / 12.11.2022
15871

ОАВ: Эрон футболи юлдузи намойишчиларни қўллаб-қувватлагани учун ҳибсга олинган

Эрон миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар Али Даий ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Фото: AP

Германиянинг Der Spiegel нашри курдларнинг Hengaw инсон ҳуқуқлари ташкилотига таяниб, Эрон миллий жамоасининг собиқ футболчиси Али Даий ҳибсга олинганини ёзди.

Хабар берилишича, Али Даий ва собиқ дарвозабон Ҳамид Лок 8 ноябр куни Серахс шаҳридаги меҳмонхонадан хавфсизлик кучлари ходимлари томонидан олиб кетилган. Иккаласи ҳам Маҳса Аминий ўлимининг қирқ кунлигига бағишланган норозилик намойишида иштирок этиш учун ушбу шаҳарга борган.

Даийнинг ҳибсга олингани ҳақида ҳеч қандай расмий хабар йўқ, бироқ ўша кундан буён собиқ футболчининг Инстаграм саҳифасида жимлик.

Аввалроқ, бир қатор оммавий ахборот воситалари афсонавий футболчи ўлим жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабар тарқатишди. Бироқ, бу маълумотларнинг ҳам расмий тасдиғи йўқ.

Али Даий Эрон миллий жамоаси таркибида 109 та гол уриб, узоқ вақт давомида дунё миллий жамоалари орасидаги энг яхши тўпурар ҳисобланган. 2021 йилда Португалия миллий жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду унинг рекордидан ўзиб кетган.

Даий 2006 йилда Германияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан сўнг, Эрон миллий жамоасидаги фаолиятини якунлади.

Top