Ошхонада овқатланиб ўтирар эканман, ёнимга ёши қирқлардан ошган бир йигит келиб ўтирди. Бироз ўтиб у билан танишдик, вилоятнинг чекка туманида яшаркан. Бозорда савдо дўкони бўлиб, шаҳарга маҳсулот олиб кетиш учун келган экан.
Суҳбат асносида солиқдан гап очилди. Шунда суҳбатдошим анча йиллар аввал солиқчи бўлиб ишлаганини, тамагирлик ортидан қўлга тушиб, қамалиб чиққанини айтиб қолди.
«Қамоқдан озод бўлсам ҳалол яшайман, зинҳор бировнинг ҳаққига хиёнат қилмайман, деб ўзимга сўз бергандим. Ҳалол меҳнат ортидан озроқ пул жамғариб, кичик савдо дўконига эга бўлдим. Ҳозир оиламдагилар билан ўшани юрғизяпмиз. Худога шукур, бировдан кам жойимиз йўқ, қора қозон қайнаб турибди», деди.
Менга унинг бошидан ўтган ҳодисалар қизиқ туюлди ва малол келмаса ҳикоя қилиб беришини сўрадим. У гап бошлади.
«Бир пайтлар менинг ҳаётимга барча ҳавас қиларди. Обрўли иш – ахир барча ҳам солиқ ходими бўла олмайди, салмоқли маош, иноқ коллектив, бахтли оила, қисқаси яхши ҳаётда яшардим.
Ана шундай шароитда нафсим мени йўлдан урди ва тамагирлик билан пул топишга ўтдим. «Қинғир ишнинг қийиғи албатта чиқади» дейилганидек, бир кун шишиб турган шар пақ этиб ёрилди ва ноқонуний ишларим фош бўлди. Шундан сўнг мен барчасидан айрилдим.
Мактабни битиргач танишлар ёрдамида институтлардан бирининг иқтисодиёт факультетида ўқидим. Сўнг туғилиб ўсган туманимга қайтиб, солиқ инспекциясига ишга кирдим.
Бир неча йил оддий ходим сифатида иш ўргандим. Кейинроқ мени катта бир қишлоққа солиқ назоратчиси этиб тайинлашди. Қишлоқда бешта маҳалла бўлиб, мен у ерда ёрдамчим билан ер ва мулк солиғини йиғардим.
Қишлоқ жойларида солиқ назоратчиси сифатида ишлаб, ер ва мулк солиғини йиғишнинг «манфаатли» томонлари кўп эди. Масалан, қишлоқларда сўнгги 20-25 йилда қурилган янги иморатларнинг аксариятида ҳеч қандай ҳужжат йўқ.
Мен ва ёрдамчим ана шундан фойдаланиб, уй-жойининг ҳужжати бўлмаганларга «Шартли солиқ тўлайсиз» деб, улардан пул ундирардик. Одамларга эса квитанциянинг нусхасини тўлдириб бериб кетаверардик. Баъзида квитанция ҳам бермасдик. Бундай пуллар давлатга топширилмас, ёрдамчим ва мен ҳаққимни олиб қолиб, қолгани туман солиқ бўлими раҳбарига етказиларди.
Айрим ҳолларда кимдир уй-жойини ҳужжатлаштирганда бизга тўлаган пуллари компьютердан чиқмас, аммо ер-мулкини қонуний қилиб олганига хурсанд бўлган одамлар бунга эътибор бермасди.













