Кўпчилик таҳлилчилар ташкилотнинг Самарқанд саммитида кўриладиган, келишиладиган масалалар ташкилотнинг ва умуман “Туркий дунё” ғоясининг кейинини белгилаб бериши ҳақида гапиришган эди.

Саммит ўтди.  Хўш, ишонч қанчалик оқланди? Тадбир давомида имзоланган ҳужжатлар унга аъзо давлатлар сиёсати, иқтисодиётида нималарни белгилаб беради ёки нималарни ўзгартиради? Kun.uz мухбири шу ва бошқа саволлар атрофида суҳбат ўтказди. Суҳбат меҳмонлари иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров ва сиёсатшунослар Ҳамид Содиқ ҳамда Акрам Умаров бўлди.

— Абдулла ака, Самарқанд саммити давомида 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Бу ҳужжатлардан Ўзбекистон иқтисодиётига нима наф?

Абдулла Абдуқодиров:

— Президент ўз нутқида туркий давлатлар билан савдо алоқалари умумий ялпи ички маҳсулот айланмасининг 4 фоизини ташкил қилишини айтиб ўтди. Шундан билиш мумкинки, потенциалимиз ҳали тўлақонли ишга тушмаган ва бунинг бир қанча сабаби бор. Биринчидан, бу логистика масаласига бориб тақалади. Айнан шунинг учун ҳам бу масалага жуда катта эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда Туркия ҳамда Озарбойжон билан алоқалар йўлга қўйилган. Аммо турк дунёси билан қуруқлик коридори очиладиган бўлса, ўз-ўзидан савдо алоқаларида ҳам ўзгаришлар кузатилади. Саммитда имзоланган масалалардан бири айнан Туркия ҳамда Ўзбекистон ўртасида қатновчи юк машиналарининг бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга кириб-чиқишидаги текширувларни нисбатан соддалаштириш режими бўлди. Албатта, бунинг баъзи техник камчиликлари бор. Шунга қарамасдан уларга расмий асос яратиб берилди. Ўйлайманки, бу масалага бошқа турк давлатлари ҳам қўшилади. Биз кузатувчи мақомида бўлган Туркманистон, қолаверса, Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳам шундай ташаббусларни кутиб қоламиз. Агар бу давлатлар ҳам қўллаб-қувватласа, Марказий Осиёда юк машиналари ҳаракатланиши анчайин енгиллашади.

Президент нутқини кузатадиган бўлсак, аввалги саммитларда умумий тарих, миллий қадриятларга тўхталиб ўтилган бўлса, бу сафар иқтисодиётга кўп эътибор берилди. Бу муҳокамаларда туркий давлатлар ўртасидаги минтақавий иқтисодиётни ривожлантиришга аҳамият бериш лозимлиги таъкидлаб ўтилди ва жанубий транспорт коридори деган терминлар ишлатилди. Бу коридор Хитойдан Қирғизистонга кириб келадиган темирйўл Ўзбекистонга ҳам келади ва Ўзбекистоннинг шимолига бориб, икки йўналишда кетади. Бир йўналиши Қозоғистон ҳамда бир йўналиши Туркманистон орқали Касбий денгизига боради. Хитойнинг тўғридан тўғри Марказий Осиёга чиқиб кетиши бу биз учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки биз шарқий Осиёнинг гигант давлати бўлган Хитойни Ғарбий Осиё билан боғлаш дебочасида турибмиз.