Жаҳон | 16:41 / 15.11.2022
8104
2 дақиқада ўқилади

Германия Европа Иттифоқи миссияси доирасида украиналик аскарларни тайёрлашни бошлаяпти

Фото: Picture Alliance

Германия Европа Иттифоқининг янги миссияси - EU Military Assistance Mission (EUMAM) Ukraine доирасида украиналик аскарларни тайёрлашни бошлаяпти. Бу ҳақда Германия мудофаа вазири Кристин Ламбрехт маълум қилди.

Унинг аниқлик киритишича, 2023 йилнинг июнига қадар 5 мингга яқин ҳарбий хизматчини турли кўникмаларга ўргатиш режалаштирилган.

Кристин Ламбрехтнинг таъкидлашича, украиналик аскарлар Германияда «турли жойларда» ўқитилиши керак, аммо хавфсизлик нуқтайи назаридан у Бундесвернинг қайси базаларида эканлигига аниқлик киритмади.

Бундан олдин Европа Иттифоқи Украина армияси учун EUMAM Европа Иттифоқининг махсус ўқув миссияси бошланганини эълон қилганди. Бу қарор ЕИга аъзо давлатлар томонидан рекорд вақт ичида қабул қилинди, деди ЕИ бош дипломати Жозеп Боррел Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Камида 15 000 нафар украиналик ҳарбийни асосий тайёргарликдан ўтказиш учун мўлжалланган миссия Полшада 2022 йил ноябрь ойи охиригача ўз ишини бошлайди, деди Боррел. Унинг таъкидлашича, кўплаб Европа Иттифоқи давлатлари унда иштирок этиш ниятида. Улар орасида, масалан, Руминия, Ирландия, Словакия бор, бу ҳақда ушбу мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари Брюсселдаги учрашув арафасида маълум қилди.

«Миссиянинг мақсади Украинага халқаро тан олинган чегаралар доирасида ўз ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, суверенитетини самарали амалга ошириш ва ҳарбий ҳаракатларни самарали ўтказиш учун Украина Қуролли кучлари жанговар қобилиятини оширишга ҳисса қўшишдир», — дейилади Европа Иттифоқи кенгаши баёнотида.

Мавзуга оид